15:19 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Йўлларнинг видеоназорати билан немис компанияси шуғулланади

01.11.2018 15:59 msk

Фарғона

Видеоназорат пультини бошқараётган автоинспектор. Gazeta.uz сайти фотоси
ATLAS International немис компанияси Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида видеоназорат тизимини жорий этиш билан шуғулланади. Лойиҳа президент қарори билан тасдиқланган, деб хабар берилади Адлия вазирлигининг ижтимоий тармоқдаги блогида.

Дастлабки босқичда лойиҳанинг қиймати 300 млн еврони ташкил этади. 2018-2019 йилларида тизим Тошкент, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида жорий этилади. Қарорга кўра, мазкур вилоятлар ҳокимлиги Давлат автойўл қўмитаси билан ҳамкорликда йўл белгилари, ахборот кўрсатгичлари ва бошқа техник воситаларни ўрнатиши, йўлларни узоқ вақт турадиган йўл чизгиларини билан таъминлаши, автоматлашган тизим объектлари учун электр ва коммуникация линияларини ўтказиши лозим.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузганликни қайд этувчи фото ва видеотасвирлар орқали тушадиган жарималардан йиғилган маблағлар қуйидагича тақсимланади: унинг 25 фоизи ИИВ бюжетдан ташқари жамғармасига, 20 фоизи давлат бюджетига (бу пуллар йўл инфрақурилмаларини ривожлантиришга сарфланади) ва 10 фоизи Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини сақлаш маркази ҳисобига йўналтирилади. Қолган 25 фоиз маблағ инвестиция ҳаражатларини қоплаш учун ишлатилади. Инвестор ўз пулини қайтарганидан сўнг, маблағнинг бир қисми ИИВ бюджетдан ташқари жамғармасига ўтказилади.

ATLAS International компаниясининг вакиллари август ойида Ўзбекистонга ташриф буюрганлар. Улар видеоназорат тизими тақдимотини ўтказиб, мазкур лойиҳани республикада амалга ошириш учун инвестиция киритишга тайёр эканликларини айтгандилар.

Аввалроқ, 2017 йил март ойида Тошкентнинг 115 та чорраҳасида қоидабузарликни қайд этадиган видеоназорат тизими ишга туширилганди. Дастлаб камералар қизил чироқдан ўтиш ва тезликни ошириш қоидабузарликларини қайд этган, 2018 йил сентябридан эса камарни тақмаслик, ҳайдовчилик пайтида телефонда гаплашиш, тўхташ ва парковка қоидаларини бузиш, қарама-қарши томонга чиқиш, пиёдалар йўлакчасидан одамларга йўл бермаслик ҳолатларини қайд этадиган бўлди.

Таъкидлаш жоиз, қўшни Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида бундай тизим 2014 йилда жорий этилган ва амалда у ўзининг ижобий томонларини намоён қилди. Видеоназорат тизимини жорий қилгунга қадар ҳайдовчиларнинг 50 фоизи қоидаларни бузган бўлса, тизим ишга тушгандан сўнг уларнинг сони 30 фоизга камайган. Тизим ишга туширилгандан буён 933 мингта қоидабузарлик ҳолатлари аниқланган ва $12,3 млн миқдорида жарималар ундирилган. Тожикистонда Хитойнинг Huawei компанияси томонидан амалга оширилган ушбу лойиҳанинг қиймати $22 млн бўлган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги