14:56 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Навоий вилоят суди собиқ «жиҳодчи»га 17 йил қамоқ жазосини берди

01.11.2018 13:54 msk

Фарғона

Зокир Раҳимов (чапда) суд жараёнида. Kun.uz сайти фотоси
Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят судида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг ўта оғир моддалари бўйича айбланаётган Зокир Раҳимов устидан олиб борилаётган суд иши ўз ниҳоясига етди ва судланувчига узил-кесил 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазо умумий тартибдаги колонияда ўталиши белгиланди, деб хабар беради Kun.uz.

Махсус хизматларнинг маълумотларига кўра, Раҳимов бир неча террорчи гуруҳларга аъзо бўлган 1994 йилдан 1999 йилгача “Жиҳодчилар” диний экстремистик ҳаракатида фаолият юритган.

Зокир Раҳимов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 155-моддаси 3-қисми “а”, “б” бандлари, 159-моддаси 4-қисми, 242(2)-моддаси 2-қисми, 223-моддаси 2-қисми, “б”, “в” бандлари, 244(1)-моддаси, 1-қисми билан айбдор деб топилган.

Ўтган йил июль ойида Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг Навоий вилояти бошқармаси махсус операция ўтказгани ва бунинг натижасида Туркияда доимий яшаётган Раҳимов ўз ватанига экстрадиция қилингани тўғрисида хабар берилганди.

Раҳимов 1999 йили, Тошкентда содир этилган портлашлардан кейин Ўзбекистонни тарк этади. У ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан таъқиб бўлишдан ҳавотирланиб ватанини тарк этади. 2000 йилдан у халқаро қидирувда бўлган. Орган ходимларининг маълумотларига кўра, у четда элда истиқомат қилаётган пайт бир нечта тақиқланган ташкилотлар, жумладан “Туркистон исломий ҳаракати” ва “Ислом жиҳоди иттифоқи” га аъзо бўлади. ДХХ махълумотларига кўра, Раҳимовнинг учта хотинидан тўққизта фарзанди бор.

Аввали ҳам ватанида терроризм бўйича шубҳаланган шахсларнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши тўғрисида хабарлар берилганди. Ўтган йили Қарши туман суди турк ҳукумати томонидан Ўзбекистонга қайтарилган Эркин Авазовни 15 йил озодликдан маҳрум этганди. У Суриядаги жангариларни қўллаб-қувватлаганликда айбланган. 2017 йили ўзбек ва турк махсус хизматлари ўзбекистонлик Абдубосит Аҳмаджоновни қўлга олиш ва ватанига қайтариш бўйича ҳамкорликда операция ўтказадилар. Жорий йилнинг март ойида Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди Аҳмаджоновга Суриядаги жанговор ҳаракатларда иштирок этгани ва террорчи гуруҳлар томонидан Россияда теракт ўтказишга тайёргарлик кўргани учун 15 йил қамоқ жазосини берди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги