14:57 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Республикада тухум ва сабзавотларнинг нархи кескин кўтарилди

01.11.2018 13:15 msk

Фарғона

2018 йил октябрда Ўзбекистонда сентябрга қараганда инфляция даражаси 1,3 фоизга ошгани қайд этилди. Озиқ-овқатлардан тухум, сабзавот, гўшт ва ун маҳсулотлари ҳисобига истеъмол нархлари ортган, дейилади Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида.


Товарлар гуруҳларининг истеъмол нархи индекси. Давлат статистика қўмитаси ҳисоботи диаграммаси

Озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари сентябрга қараганда 2,3 фоизга ошгани кузатилади. Товуқ тухуми - 15,1%, сут — 5% ортган. Сабзавотлар нархи - 8,3 фоизга ошган. Карам (50,3%), бодринг (32,1%), картофель (24,1%) ва сабзининг (19,1%) нархлари кескин ошгани қайд этилади. Парранда гўшти - 4,4%, нон ва макарон маҳсулотлари нархи - 2,5 фоизга кўтарилган. Гречка, ловия ва нўхот нархлари бироз пасайган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи йил бошидан 8,5 фоизга ошган. 2017 йил октябрь ойи кўрсатгичларига солиштирилса, бу йил товарлар нархи - 18,6 фоизга кўпайган.

Ноозиқ-овқат товарлар ва хизматлар нархи бу даврда инфляцияга таъсир қилмаган. Ҳар бир турдаги маҳсулотлар нархи 0,5 фоиздан юқорига кўтарилмаган. Қўмита миллий валютанинг импорт товарларига нисбатан таъсири камайганлигини қайд этади.

Жорий йилнинг январдан октябрь ойига қадар истеъмол секторидаги товар ва хизматларнинг нархи 9,5 фоизга ошган. Йиллик инфляция - 16,2 фоизни ташкил этади.

Давлат статистика қўмитаси сентябрь ойида инфляция даражаси ўтган ойга нисбатан 1,8 фоизни ташкил этишини қайд этади. Истеъмол секторидаги нархлар нон маҳсулотлари ва картофель ҳисобига ортган.

Осиё тараққиёт банки таҳлилчиларининг прогнозига кўра, Ўзбекистонда 2018 йили инфляция 16 фоиз, 2019 йили 14 фоиз даражасида бўлиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Марказий банки томонидан ўтказилган сўровлар фуқароларнинг инфляцияга нисбатан прогнози давлат томонидан тақдим этилган рақамлардан юқори бўлишини кўрсатди. Кўпчилик ўзбекистонликларнинг фикрича, яқин 12 ой ичида истеъмол товарлари нархи 17,8 фоизга ортади. Бироқ, Марказий банк бу кўрсатгич 16-17% даражасида бўлишини маълум қилади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги