14:56 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги тариф сиёсати соҳани инқироз ёқасига олиб келди

01.11.2018 10:24 msk

Фарғона

Тошкентдаги коммунал хизматлар ходимлари. Uza.uz сайти фотоси
Ўзбекистондаги сув ва иссиқлик таъминоти корхоналарининг кредиторлик қарзи 1,2 трлн сўмдан ортиқ ($145,8 млн). Шу билан бирга коммунал хизмати олдидаги дебиторлик қарзлари 531 млрд сўмдан ортиқ ($64,5 млн). Уй-жой коммунал хўжалиги соҳасининг зарарли ишлашига тариф сиёсатининг мукаммал эмаслиги сабаб бўлган, дейилади республика Адлия вазирлиги ҳисоботида.

Адлия вазирлиги томонидан давлат бошқаруви тизими фаолияти самарадорлигини таҳлил қилиш бўйича фаол ишлар амалга оширилиши жараёнида тармоқнинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган айрим муаммо ва камчиликлар аниқланди.

Биринчидан, сув таъминотидаги коммунал ускуналар ва муҳандислик коммуникациялари эскириб кетган. 2 888 (40 %) сув таъминоти иншоотлари, 4 512 км (32 %) сув ўтказиш иншоотлари, 19 753 км (36 %) сув ўтказиш тармоқлари, 567 км (31 %) канализация коллекторлари ва 1 368 км (25 %) канализация тармоқлари таъмирга муҳтож. Шунингдек, 758 қозонхоналар ва 5 000 км иссиқлик тармоқларининг ҳолати иссиқлик энергиясини меъёридан ортиқ йўқотишга ҳамда иссиқлик таъминоти корхоналарининг дебиторлик ва кредиторлик қарзларининг ошиб кетишига олиб келаётгани аниқланди.

Иккинчидан, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида “Ўзбеккоммуналлойиҳақурилиш” ДУК (сув таъминоти ва канализация объектлари бўйича) ва “Иссиқликэлектрлойиҳа” АЖ (иссиқлик таъминоти бўйича) томонидан лойиҳа хизматлари бозорида иқтисодий концентрация тармоқ рақобатбардошлигини ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муҳим омиллардан ҳисобланади. Бу рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига тўғри келмайди.

Учинчидан, давлат-хусусий шерикчилигининг таъсирчан механизмларини етарли даражада жорий этилмаганлиги ва инвестицияларни кенг жалб қилиш учун янада қулай шароитлар яратиш зарурияти, жумладан паст рентабелли уй-жой коммунал хўжалиги корхоналари тармоқнинг инвестициявий жозибадорлигини пасайтириб, бюджет ҳаражатларини оптималлаштириш йўлида ғов бўлмоқда.

Тўртинчидан, кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекциясининг сув таъминоти ва канализация соҳасидаги фаолиятлари такрорланаётгани аниқланди. Бу мазкур соҳада давлат хизматларини оптималлаштириш зарурлигини кўрсатади.

Масалан, ҳудудий инспекциянинг штатлари сони 4 нафардан 10 нафаргача бўлган ходимни ташкил этади. Айни пайтда, хизмат кўрсатилаётган уйлар сони эса 1 118 тадан 4 492 тагача ўзгариб турибти. Шу тарзда, бир нафар инспекторнинг ўртача иши ойига 23 тадан 53 тагача бўлган кўп хонадонли уйлар (500 тадан 3 991 тагача бўлган хонадон) билан ишлашга тўғри келмоқда.

Мавжуд муаммоларнинг комплекс таҳлиллари якуни ва ҳорижий илғор тажрибани ҳисобга олган ҳолда, Адлия вазирлиги томонидан уй-жой коммунал хўжалигини бошқариш тизимини такомиллаштириш ва тармоқнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш бўйича тегишли таклифлар тайёрланди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги