14:57 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентдаги тўрт нафар боланинг ўлимига ис гази сабаб бўлган

01.11.2018 09:27 msk

Фарғона

«Газета.Uz» сайти фотоси
Ўзбекистон Республика бош Давлат санитария врачи Саидмурод Саидалиев аниқлик киритишича, Тошкент шаҳар Чилонзор туманида истиқомат қилувчи Акбаровлар оиласида тўрт нафар боланинг ўлимига ис газидан заҳарланиш сабаб бўлган, дея хабар беради “Газета.uz” Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига таянган ҳолда.

Вазирлик сайтида ҳозирча бу ҳақда хабар қўйилмаган. Сайдалиевнинг расмий баёнотида бир гуруҳ одамларнинг заҳарланиши ҳақида сўз юритилади, холос. Шу билан бирга, хабар матнида Акбаровларнинг “Миллий таомлар” қаҳвахонасидан сотиб олинган шашлик истеъмол қилганига урғу берилган. Олдинроқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги экспертиза ва тергов ҳаракатларининг натижаларига таяниб, болалар овқатдан заҳарланган дея маълумот тарқатганди.

31 октябрь чоршанба куни эрта тонгда «Дўмбиробод» туманидаги хусусий хонадонда яшовчи Акбарова Азиза (1996 й. т.), Эъзоза (2001), Ирода (2003) ва Фаррух (2012) бир хонада жонсиз ҳолатда топилгани ҳақида хабар берилганди. Етиб келган тез тиббий ёрдам шифокорлари ўлим ҳолатини қайд этди. Уларнинг онаси Умида Хайитова (1976) айни пайтда ис газидан енгил даражада ўткир заҳарланган ҳолатда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида даволанмоқда, аҳволи қониқарли. Унинг турмуш ўртоғида заҳарланиш аломатлари қайд этилмади.

Болалар ўлими сабабларини аниқлаш учун бош вазир Абдулла Арипов топшириғи билан таркибига Бош прокуратура, ИИВ, ходимлари кирган ҳукумат комиссияси тузилган. ФВВ ва СЭС хизмати содир бўлган фожианинг бир неча версияларини ўрганиб чиқди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилишича, оила яқинда уч қаватли янги уйга кўчиб ўтган. У ертўладаги газли печ орқали иситилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги