15:02 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон маданият вазирлиги Нукусдаги мақбаранинг бузилишини мажбурий чора деб атади

31.10.2018 18:22 msk

Фарғона

Ўзбекистон Маданият вазирлигида ўрта асрларда қурилган Шамунаби мақбарасининг бузилишини иложсизликдан амалга оширилган чора деб атадилар. Маданият вазирлигининг Қорақалпоғистон бўйича давлат инспекцияси бошлиғи Куанишбек Шариповнинг тегишли баёноти “Халқ сўзи” газетасида чоп этилган.

Мутасаддига кўра, ёдгорлик ночор ҳолатга келгани боис уни бузишга тўғри келди. “Иккита гумбаз деярли вайрон бўлди, пахса деворлар нураб тушди. Маҳаллий аҳоли бир неча йил олдин бу борадаги хавотирларини изҳор эта бошлаб, нодир ёдгорликни сақлаб қолишни сўраган. Шу муносабат билан тузилган комиссия мақбарага бориб, ҳолатни ўрганган ҳамда янги бино қуришга қарор қилган”, - деди у.


Шамунаби мақбараси бузилгунига қадар. Uzbekistan.travel сайти фотоси

Амалдор нашрга айтишича, ёдгорлик ўз ҳолича қолдирилганда бутунлай вайрон бўларди: кўп ҳолларда мақбара ичига кирган саёҳатчиларнинг бошига майда тошлар ёғилар, ёмғирдан сўнг эса сув томарди. Объектнинг реконструкцияси, янги девор ва гумбазларни қуриш ҳамда ҳудудни ободонлаштириш ишлари билан Маданият вазирлиги қошида тузилган “Мерос чашмаси” лойиҳа ташкилоти шуғулланади.

Бироз олдин Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари Шамунаби мақбараси бузилиб янги ғиштлик нусхасига алмаштирилган деб хабар бердилар. Қорақалпоғистонда яшайдиган археолог, тарих фанлари номзоди Октябрь Доспановга кўра, реставрация ишлари бир йил олдин бошланган, бироқ маҳаллий тарихчилар ва гидлар мақбара бузишга тайёрланаётганини жуда кеч тушуниб етдилар.

“Мақбарани бузишларини билиб қолганимизда бунга халақит беришга уриндик, бироқ улар бизга бунақанги “реставрация”га рухсат берувчи бир папка ҳужжатларни кўрсатишди”, - дейди тарихчи.

Шу билан бирга, мустақил экспертлар оригинал мақбаранинг кенг кўламли реставрацияга эҳтиёжи йўқ эди, бир нечта гумбазлар реставрацияга муҳтож эди, холос, деган фикрдалар.

Шамунаби мақбарасини археологлар 1964 йилда Нукус четида Миздахан некрополида ўтказилаётган қазишмалар чоғида топилган. XII асрга оид оригинал қурилма нодир шаклга эга бўлган: “Бу етти гумбазли ҳамда ҳар бири Маккага қараган етти деразали иншоот бўлиб, сағаналар оссуарийларга (устухонларни сақлайдиган яшиқларга), дарвозалар бўз уй (ўтов) эшикларига ўхшаган бўлиб, меҳроб нилуфар шаклида қурилган. Ёдгорлик ҳайратланарли тарзда ўзида тўртта буюк маданият – насронийлик, Ислом, буддавийлик ва зардўштийликни мажассамлаштирган. Бу кишини ҳаяжонга соладиган даражадаги нозик фалсафа, толерантлик рамзи, авлодларга нома эди”, - дейди Октябрь Доспанов.

Қайд этамиз, айни пайтда Қорақалпоғистонда I-II асрга оид Қизил Қалъанинг реставрацияси амалга оширилмоқда. Мутахассислар бу ишларни ҳам қатъий танқид остига олганлар.

Ижтимоий тармоқларда қалъани қандай қайта тиклаётганлари акс этувчи фотосуратлар чоп этилмоқда: эски деворлар узра янги ғиштлар урилмоқда.

Худди шунақанги “реставрация” IX асрнинг иккинчи ярмига оид Ережеп Ҳалифа мадрасасига ҳам таҳдид солмоқда. Самарқанд марказида ЮНЕСКО мероси рўйхатига киритилган тарихий бино бузилиш таҳдиди остида қолган, олдинроқ эса Шаҳрисабзнинг тарихий маркази шикастланган. Ўзбекистон ҳукумати июнь ойида Шаҳрисабз, Ҳива, Бухоро ва Самарқанддаги жаҳон меросига тааллуқли объектларни вайрон қилганлик учун жазони кучайтириш тўғрисида қарор қабул қилди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги