15:32 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон теннисчилари «2019 - Дэвис кубоги»да серблар билан куч синайдилар

30.10.2018 16:57 msk

Фарғона

Ўзбекистон теннисчилар терма жамоаси. Tennis.uz сайти фотоси
«2019 - Дэвис кубоги» доирасидаги теннис турнирида Ўзбекистон термаси Сербия жамоаси билан куч синайди. Қуръа ташлаш якунлари мусобақа ташкилотчиларнинг расмий сайтида эълон қилинган.

Қуръа ташлаш маросими 30 октябрда Халқаро теннис федерациясининг (ITF) Лондондаги бош қароргоҳида бўлиб ўтди. Унда 24 та жамоа қатнашди ва 12 та жуфтлик ҳосил бўлди. Ғолиблар “Дэвис кубоги”нинг асосий сеткасига тушадилар. Турнирда Хорватия, Франция, Испания ва АҚШ термалари аниқ ўйнайди. Улар қаторига кейинчалик «уайлд-кард» олган Аргентина ва Буюк Британия термалари қўшилади.

Қуръа ташлаш натижаларига кўра, Ўзбекистон термаси (умумжаҳон теннис рейтингида 24 - ўрин) Сербия (8) билан, қозоғистонлик теннисчилар (13) поргугаллар (26) билан ўйнайдилар. Мусобақалар 2019 йилнинг 1 ва 2 февралида бўлиб ўтади.

Аввалги “2018 - Дэвис кубоги” мусобақаларида ўзбекистонлик теннисчилар дунё турнири сериясида Буюк Британия спортчиларига ўйинни бой бериб (1:3) плей-оффга чиққандилар. Плей-офф йўлида Исломободда ўзбек теннисчилари покистонликлар устидан 4:1 ҳисобида ғалаба қозонгандилар.

Қозоғистон термаси “2018 - Дэвис кубоги” нинг 1/8 турнирида Швейцарияни енгиб (4:1), чорак финалда Хорватияга (1:3) ютқазиб қўйганди.

Дэвис кубоги — дунёда эркаклар ўртасида ўтказиладиган энг нуфусли спорт мусобақаси ҳисобланади. Мусобақалар 1900 йилдан бери ҳар йили ўтказилади. Аёллар жамоалари учун шунга ўхшаш - Федерация кубоги мусобақалари мавжуд.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги