14:56 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Прокурор йўловчилари билан ёниб кетган автобус ҳайдовчиларига беш йил қамоқ жазосини сўради

30.10.2018 16:25 msk

Фарғона

Ўтган қишда Қозоғистоннинг Октўбе вилоятида ёниб кетган ва 52 нафар ўзбекистонлик ёстиғини қуритган автобус ҳайловчиларига нисбатан айблов томони беш йил қамоқ жазосини сўради, деб ёзади «Казинформ».


Айбланаётган автобус ҳайдовчилари суд залида. Inform.kz сайти фотоси

Давлат айбловчиси Осман Ўринбасарули суд ҳайъатидан автобус ҳайдовчилари — Барат Танатов, Максат Пернебеков ва Нуржан Киргизбаевани «Ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш, «Транспорт воситаларини бошқариш қоидаларини бузиш» моддалари билан айбдор деб топиб, уларга нисбатан беш йил озодликдан, етти йил ҳайдовчилик гувоҳномаси ва йўловчиларни ташиш тизимида ишлашдан маҳрум этиш жазоларини сўради.

«Азия транзит сервис» транспорт компанияси директори Нурлибек Тлепбаев ва корхона механиги Бахадур Пердебаевга нисбатан прокурор етти йил озодликдан маҳрум этиш, шунингдек, беш йил йўловчилар ташиш соҳасида ишлашни тақиқлаш чорасини кўришни сўради. Компания раҳбари халқаро қидирувга берилган.

«Мой город» нашри прокурор жазо муддати колонияда ўталишини сўраганини ёзади.

Setra русумли автобус 2018 йил 18 январь тонг саҳарда Самара-Шимкент трассасида ёниб кетади. Авботусда Россияга ишлагани кетаётган 52 нафар Ўзбекистон фуқароси тириклайин ёниб кетади. Ёнғиндан учта ҳайдовчи ва иккита йўловчи омон қолади. Текширув ва терговлар лампа ёнғинга сабаб бўлганини аниқлаган. Шунингдек, тергов 1989 йили ишлаб чиқарилган автобус охирги марта 2015 йили техник кўрикдан ўтказилгани ва унинг эгаси йўловчилар ташишга рухсат берувчи лицензияга эга эмаслигини аниқлаган.

Мудхиш воқеа муносабати билан президент Шавкат Мирзиёев ҳалок бўлганлар оила- аъзолари, яқинларига ҳамдардлик билдираркан, одамларнинг чет элларга бориб иш қидиришга мажбур бўлишида ҳукумат айбдор эканини тан олди. Мамлакат раҳбарияти чет элга ишга отланаётган фуқаролар учун қўшимча автобус қатновлари ва авиапарвозлар уюштиришга топшириқ берган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги