14:58 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон Бош вазири ўз ўринбосарининг ҳаракатини «президент сиёсатига қарши ҳаракат» дея баҳолади

30.10.2018 15:35 msk

Фарғона

Абдулла Арипов. Kun.uz сайти фотоси
Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов собиқ ўринбосари Зойир Мирзаев ҳатти- ҳаракатини мамлакат президенти сиёсатига мутлоқ қарши, деб баҳолади. Бош вазир Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида буғдойни суғормагани учун олти кишининг сув оқиб турган ариққа кийими билан туширилгани билан боғлиқ воқеага мана шундай муносабат билдирди, деб ёзади Daryo.uz.

«Шахсан мен учун бу жуда ноқулай ва уятли ҳолат. Чунки менинг ўринбосарим президентимиз олиб бораётган сиёсатга қарши иш қилди. Мана шу ҳолат 25 октябрь куни юз берган бўлса, юртбошимиз Зойир Мирзаевни ишдан бўшатиш ҳақидаги қарорни 27 октябрда қабул қилди. Бироқ конституцияга мувофиқ, шанба ва якшанба кунлари ҳеч қандай қарор ва фармонлар қабул қилинмайди. Шунинг учун биз бу қарорни бугун эълон қилдик», - деди Арипов.

Бош вазирнинг таъкидлашича, ҳукуматда ўн йил, Бош вазир сифатида икки йиллик фаолиятида бу каби қарор биринчи бор қабул қилинмоқда. “Мажбурий меҳнат юзасидан бизга келиб тушаётган барча мурожаатлар ҳудудларга бориб, ўрганилмоқда. Меҳнат қонунчилигини бузган, мажбурий меҳнатга йўл қўйган қатор туманлар ҳокимлари ўз лавозимидан озод этилди. Кўплаб вилоятлар ҳокимларига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди», — деди Абдулла Арипов.

«Мирзаев Бош вазир ўринбосарлигига кўчадан келиб қолган эмас. У узоқ йиллар Самарқанд вилоятининг Жомбой тумани ҳокими, кейинроқ республикадаги энг салмоқли вилоятлардан бири Самарқанд вилояти ҳокими, кейинчалик Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири бўлиб фаолият юритган. Шунча халққа хизмат қилган, давлат ташкилотларида меҳнат қилган бўлса-да, Президентимиз уни бу қилмиши учун кечирмади. ‘Қонун барчага баробар, жазо муқаррар’, деб айтдилар», - деди Бош вазир.

Бош вазир ўринбосаридан ташқари, бу воқеага дахлдор Тошкент вилояти прокурори муовини, вилоят хокими ўринбосари ва бошқа амалдорлар ҳам ўз лавозимларидан четлатилган.

29 октябрда ўтказилган мажлисда вазирлик ва ташкилотлар раҳбарлари, халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар. ХМТ катта техник маслаҳатчиси Йонас Аструп Twitterда Мирзаев ишдан олинганини қуйидагича изоҳлаган: «Бу кучли, аниқ ва тўғри қарор. Бу каби ҳатти-ҳаракатга чидаб бўлмайди. Лавозими ва мақомидан қатьий назар ҳеч ким ўзини қонундан устун қўйолмайди. Ўзбекистон мажбурий меҳнатга барҳам бериш йўлидан оғишмай қадам қўймоқда».

Аввал хабар қилинганидек, президент Мирзиёевнинг Тошкент вилоятига сафаридан сўнг вилоят ҳокими ҳайфсанд олган, бешта туман ҳокими ва вилоят ички ишлар бошқармаси ва прокуратураси раҳбарлари ишдан олинган.

14 октябрдаги мажлисда Бош вазир пахта йиғим кампанияси ёмон уюштирилгани учун юздан ортиқ туман ҳокимларини танқид остига олган. Шу муносабат билан кўпчилик раҳбарларга ҳайфсанд эълон қилинган, жарималар солинган ва айрим раҳбарлар лавозимидан четлатилган. Жумладан, ўндан ортиқ туман прокурорлари ва ички ишлар бўлими раҳбарлари ишдан бўшатилган. Айрим туман солиқ инспекцияси раҳбарларига интизомий жазо чоралари кўрилган.

Йиллар давомида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш мамлакатда одатий ҳолга айланган эди. Бу йили ҳукумат пахта терими даврида мазкур иллатга қарши кескин чора кўришини маълум қилди. Лекин Меҳнат вазирлиги ва мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари номига мавсум бошланганидан бери мажбурий меҳнатга доир кўплаб шикоятлар келиб тушган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги