14:56 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда болалар омбудсмени институти ташкил этилади

30.10.2018 10:55 msk

Фарғона

Акмал Саидов. «Вместе-РФ» телеканалидан лавҳа
Ўзбекистонда болалар ва ўсмирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи болалар омбудсмени лавозимини жорий этиш масаласи кўрилмоқда. Бу ҳақда Инсон ҳукқуқлари миллий марказининг директори Акмал Саидов «Принциплар ва декларация қадриятларини эъзозлаш» мақоласида ёзган, деб хабар беради Uza.Uz агентлиги.

Болалар омбудсмени институтини ташкил этиш масаласи Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ва эркинликларини ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлаш дастури доирасида кўрилади. Саидовнинг сўзларига кўра, бу масала «кун режаси»га киритилган.

Болалар омбудсмени давлат томонидан жорий этилган ҳуқуқ ҳимояси тизимини кучайтириш билан шуғулланади. Ҳозирда тизим омбудсмен (Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили), бизнес-омбудсмен (президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи вакил) ва Инсон ҳуқуқлари миллий марказидан иборат. Бундан ташқари, 2018 йили фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича президент ҳузурида Маслаҳат кенгаши ташкил этилди. У давлат ва фуқаровий жамият институтлари ўртасида мулоқот ўрнатиш вазифалари билан шуғулланади.

2018 йили дунё “Халқаро инсон ҳуқуқлари декларацияси” қабул этилганининг 70 йиллигини нишонлайди. Ўзбекистонда бир йил ичида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида қатор қонун ва қарорлар қабул қилинди ва Инсон ҳуқуқлари миллий марказининг ҳуқуқий мақомини янада мустаҳкамлаш йўлида чоралар кўрилди, деб изоҳлайди Саидов.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зейд Раад аль-Ҳусейн ва БМТнинг Дин ва эътиқод эркинликлари масалалари бўйича махсус вакили Аҳмад Шаҳид илк бор 2017 йил май ойида Ўзбекистонга ташриф буюрдилар, 2018 йил март ойида БМТ Кенгашининг 37-сессиясида Ўзбекистон 2021 дан 2023 йилга қадар мазкур Кенгашнинг аъзоси бўлиб сайланишга ариза берди.

Ўзбекистонга 212 та тавсия берилди ва республика уларнинг 201 тасини ижро этишга, 11 тасини “эътиборга олишга” розилик билдирди. Қабул этилмаган тавсиялар ЛГБТ-(лесбиянкалар, гейлар, бисексуаллар, трансгендерлар) жамжамиятига доир эди. Республикадаги инсон ҳуқуқлари ҳолатига доир кейинги мажлис беш йилдан сўнг ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиёда ҳозирги кунда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил фақат Тожикистон (ушбу лавозим 2016 йили жорий этилган) ва Қозоғистонда фаолият юритади. Қирғизистонда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилликнинг болалар, аёллар ва оилаларни ҳимоя қилиш бўлими мавжуд. «Туркменистан.ру» расмий портали 2017 йили Туркманистонда болалар омбудсмени борлигини қайд этган, лекин бу лавозимдаги инсоннинг фамилияси ва унинг фаолиятини аниқлаш имконсиз бўлди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги