14:58 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентлик шифокорларга учта опа-сингилнинг ўлими учун ҳукм ўқилди

30.10.2018 10:09 msk

Фарғона

Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди. Uznews.uz сайти фотоси
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор туман суди иккита шифокорни ўтган йилнинг ноябрида пойтахт касалхонасида жон берган уч опа-сингил Қосимоваларнинг ўлимида айбдор деб топди. №21 оила поликлиникаси врачи Гулчеҳра Одилова 5 йил 1 ойга, Тошкент Педиатрия медицина институти клиникаси врачи Нодир Тўлаганов олти йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда “Озодлик” хабар бермоқда.

Тошкент шаҳар Олмазор туманида истиқомат қилиб келган опа-сингиллар Муниса (2010 йилда туғилган), Мухлиса (2011) ва Моҳира (2013) 2017 йил 8-9 ноябрь кунлари вафот этишди. Бир кун олдин уларнинг аҳволи кескин ёмонлашиб кетди, улар кўнгил айниш ва қусишдан қийнала бошладилар. №21 поликлиника врачи Одилова уларга ошқозон-ичак йўли функцияларининг бузилиши ташхисини қўйиб, “Креон”, “Смекта”, “Церукал” дориларни ёзиб беради ва даволангани уйига қайтариб юборади. Аввалига болаларнинг аҳволи яхшиланади, бироқ кечга бориб кескин равишда ёмонлаша бошлайди. Ота-она фарзандларини уйларига энг яқин клиника – Республика педиатрия касалхонасига етказиб бордилар, бу ерда ярим соат ўтиб кенжа қиз Моҳиранинг жони узилди. Врач юқумли касалга чалиниш диагнозини қўйди ва икки опа-сингилни юқумли касалликлар шифохонасига ётқизишга қарор қилди. Кўп ўтмай уларнинг иккови ҳам шу касалхонада узилдилар – Муниса соат 01.20 да ва Мухлиса – 03.30да.

Олдинига қизлар қаҳвахонада истеъмол қилинган шашликдан захарландилар деб хабар қилинди. Кейин эса дори воситаларини нотўғри қўллангани тўғрисидаги янги фараз пайдо бўлди. Судмедэкспертиза маълумотига кўра, опа-сингилларга “Вермокс” (кенг спектрдаги антигельминт препарати) дориси ёзиб берилган, бироқ аптекада фармацевт рецептдаги хатни ўқий олмай юрак ритмининг бузилиши ва гипертоник кризисларда қўлланадиган “Верапамил” дорисини сотган. “Верапамил” дори воситасининг бир неча бор қўлланиши натижасида кардиоген шок (миокарданинг қисқартириш қобилиятининг кескин пасайиши, унинг оқибатида барча органларга ва тўқималарига қон етказиб бериш мароми бузилади ва муҳим органларнинг функцияларини фаолиятига тўсқинлик қилади: кўп ҳолларда бу инфаркт миокарданинг оғирлашуви ёки кардиотоксик субстанциялар томонидан заҳарланиш натижаси каби ривожланади) содир бўлди.

Тергов ва суд процесси давомида учта суд-тиббиёт экспертизаси ўтказилди. Натижада ҳалок бўлган қизларнинг бувиси қабул қилиб келган “Энам” (“Эналаприл”) перпаратидан заҳарланиш асосий версия бўлиб қолди. Бироқ Республика суд-медицина марказининг мутахассиси судда қизларнинг қонида “Энам” йўқ деб айтди. Охир-оқибатда опа-сингил Қосимоваларнинг ўлими сабаби аниқландими ёки йўқми ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда.

Қизларнинг ота-онаси таблеткалардан заҳарланиш версиясига ишонмаяптилар, чунки уларга кўра, уйда поликлиника врачи ёзиб берган дорилардан бошқа ҳеч қанақа дори бўлмаган: ҳамма дорилар рўйхат бўйича сотиб олинган.

2017 йил ноябрда Олмазор туман прокуратураси Ўзбекистон Жиноят кодексининг 186-моддаси 4-қисми “а” банди бўйича (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) жиноят иши қўзғатгани хабар қилинганди. 2018 йилда иш қўшимча терговга қайтарилди. Суд текширув давомида қизлар ўлимининг ҳақиқий сабаби аниқланмади, барча экспертизалар совуққонлик билан ўтказилди деган хулосага келди. Бундан ташқари, суд юқумли касалликлар касалхонаси шифокорлари ҳаракатида қатор зиддиятли ҳолатлар аниқланганини қайд этиб ўтди. Уларга нисбатан сентябрь ойида Жиноят кодексининг 207-моддаси учинчи банди бўйича (одам ўлишига олиб келган мансабга совуққонлик билан қараш) жиноят иши қўзғатилди. Бироқ бу иш алоҳида кўриб чиқиладиган бўлди.

Ҳалок бўлган қизларнинг ота-онаси юқумли касалликлар шифохонаси реанимация бўлими врачи Ҳусан Ғиëсовни жавобгарликка тортилишини талаб қилдилар. Уларга кўра, Ҳусан Ғиëсов “21 .00 дан то тунги биргача ҳеч қандай муолажа қилмаган. Тунги 1. 30 да 6 яшар Мухлиса ўлгандан кейин улар шошиб қолишди. Биз Ҳусан Ғиëсов қизлар ўлимига асосий айбдорлардан бири деб биламиз. Уни жазога тортилишини сўраб яна шикоят ëздик”.

Жорий йилнинг февралида Тошкент суди Тошкент Тиббиёт Академияси клиникаси анестезиологи Шерзод Турсуновни 3,5 йилга озодликдан маҳрум қилди. Унинг айби билан 16 ёшли бемор наркозга аллергияси борлиги туфайли ҳалок бўлди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги