15:25 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Аэрофлот» Ўш ва Бухорога мунтазам рейслар очилаётганини эълон қилди

30.10.2018 10:08 msk

Фарғона

“Аэрофлот” самолётлари. Компания матбуот хизмати фотоси
Россиянинг “Аэрофлот” компанияси 28 октябрда очилаётган қишги мавсум бошланиши билан Ўш ва Бухорога мунтазам рейсларни қўйди. Бу ҳақда компаниянинг сайти маълум қилмоқда.

Ўшга самолётлар ҳар куни, Бухорога эса ҳафтада икки марта қатнайдиган бўлди. Ўзбекистонга биринчи рейс 31 октябрда учади, Қирғизистоннинг жанубий пойтахти эса биринчи самолётни 28 октябрь куни қабул қилиб бўлди. Дастлабки икки ҳафтада Ўшга учадиган самолётларга чипталар нархи 8.5 минг рублдан 14,5 минг рублгача ($129-$220), ортга қайтиш учун нархлар қимматроқ – 11-18,5 минг рубль ($167-$281). Бухорога чипталар нархи 12-15.5 минг рубль ($182-$236), ортга қайтиш – 11 минг рублга ($167) тўғри келади.

Олдинроқ октябрдан бошлаб “Уральские авиалинии” компанияси ҳам Бухоро, Урганч ва Фарғонага янги рейслар очиши ҳақида хабар берилганди.

Жорий йилнинг апрелида Россия ва Ўзбекистон икки мамлакат ўртасидаги авиақатновни икки баробарига кўтаришга келишиб олишганди. 2018 йил ёзида Ўзбекистонга ва ортга 86 та рейсни амалга ошириши режалаштирилганди. 2018-2019 йил қиш мавсумида рейслар сони 105 тага чиқади, 2019 йил ёзида эса 125 тага етади. Келишувга биноан рейслар Россиянинг 12 та шаҳридан Ўзбекистоннинг 11 та шаҳрига амалга оширилади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги