14:56 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Ўзбектелеком» раҳбари бир йилда уч марта ўзгарди

29.10.2018 14:27 msk

Фарғона

Нозиржон Ҳасанов. Uztelecom.uz сайти фотоси
«Ўзбектелеком» АЖ Бош директори вазифасини бажарувчиси этиб Нозиржон Ҳасанов тайинланди. 29 октябрь куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов раҳбарлигида ўтказилган мажлисда шу ҳақда хабар берилди. Бу республиканинг энг йирик телекоммуникация оператори раҳбарининг бир йилда учинчи бор ўзгартирилиши бўлди.

Ҳасанов 1970 йилда туғилган. Иккита олий маълумоти бор: 2002 йили Тошкент Электр техникаси институти ва 2012 йили Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган. У иш фаолиятини 1991 йили “Андижон Телеком” корхонасида бошлаган. Ҳасанов 2005 йилдан бошлаб “Ўзбектелеком” тизимида ишлай бошлаган. Турли йилларда Бош директор ўринбосари, техник директор лавозимларида ишлаган. 2018 йил май ойидан у давлат органлари билан алоқа қилиш директори вазифасида ишлай бошлайди. Жумладан, унинг хизматига телекоммуникация тармоқлари ва ахборот узатишлар хавфсизлигини таъминлаш кирган.

2018 йил февралида “Ўзбектелеком” АЖ Бош директори этиб Фарҳод Рўзиев тайинланади. У бу ерда компанияни бир йилгача бошқариб келган Шуҳрат Қодировнинг ўрнига келганди. Бироқ август ойида Қодиров яна компания раҳбари этиб тайинланади, Рўзиев эса компаниянинг тижорат директори вазифасига ўтади. Маҳаллий ОАВга кўра, Рўзиевнинг ишдан кетишига Бош вазир Абдулла Ариповнинг танқидлари сабаб бўлган.

«Ўзбектелеком» — республикадаги энг йирик телекоммуникация оператори ҳисобланади. У бутун мамлакат ҳудудини қамраб олган. Компания оператор ва провайдерларга мобиль алоқалари каналларини ижарага бериш билан шуғулланади. Шунингдек, халқаро, шаҳарлараро алоқалар, ахборотлар берилиши, интернетга уланиш ва бошқа хизматлар унинг тасарруфидадир. Компания бозорда – UZTELECOM, UZMOBILE, UZONLINE ва TELECOM TV савдо белгилари билан хизмат қўрсатади. Компаниянинг 22 та филиали бор, улардан 14 таси минтақаларда жойлашган, 8 та махсус ва 3 та шўъба корхоналарига эга. Умум ҳисобда компанияда 15 минг нафар ходим ишлайди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги