14:58 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси Домодедоводан Внуковога кўчиб ўтди

29.10.2018 12:18 msk

Фарғона

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси 28 октябрдан Москвадаги Домодедово аэропортидан Внуко аэропортига кўчиб ўтди. Бу ҳақда миллий авиакомпания сайтида хабар берилган. Внуково томон биринчи рейс Тошкентдан учди.

Бу муносабат билан Внуково аэропортида ўзбек самолётини кутиб олиш маросими ўтказилди. Биринчи учиб келган йўловчи Шерзодбек Сариков ва биринчи аэропортдан учиб кетаётган Ўктам Ҳакимовга аэропорт ва авиакомпания номидан эсдалик совғалар топширилди.


«Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпаниясининг Внуковога учиб келган биринчи самолёти. Uzairways.com сайти фотоси

Бундан кейин Ўзбекистондан Москвага учиб келаётган барча самолётлар Внуково аэропортига қўнади ва улар бу ердан Ўзбекистонга парвоз қиладилар. Рейслар жадвали ўзгартирилмаган.

Аэропортнинг кўчирилиши борасида октябрь ойи бошида хабар берилганди. Авиакомпания йўловчиларга 28 октябрь санасига сотиб олинган чипталарни қўшимча тўловларсиз алмаштириш имконини берди.

Миллий авиакомпания сайтида Внуково аэропорти йўловчиларнинг учиб бориши учун қулай, шунингдек унинг шаҳарга яқин жойлашгани ва яхши транспорт йўлларига эга экани билан энг маъқул аэропорт экани ёзилган.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» — ўзбекистонлик йўловчиларнинг ягона авиапарвозларини ташкил этувчи компаниядир. Компания Бош директори вазифасини бажарувчиси Умид Ҳусановнинг сўзларига кўра, 2018 йилнинг тўққиз ойи мобайнида миллий авиакомпания томонидан Москва ва Тошкент ўртасида уч мингдан зиёд рейслар амалга оширилган ва ярим миллионга яқин авиайўловчилар ташилган. Ёз мавсумида ҳафтасига 40 тадан парвозлар амалга оширилган ва ўртача 14.500 йўловчи ташилган. Қиш мавсумида ҳафтасига 49 та рейс амалга ошириш режалаштирилган.

Москвага бориб-қайтиш рейслари Ўзбекистоннинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Термиз, Урганч, Наманган, Нукус ва Навоий шаҳарларидан амалга оширилади. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» самолётлари Екатеринбург, Калининград, Қозон, Красноярск, Краснодар, Минеральние Води, Новосибирск, Ростов, Санкт-Петербург, Самар, Сочи, Тюмень, Уфу ва Воронеж шаҳарларига учади. Шу билан бирга миллий авиакомпаниянинг собиқ раҳбари Валерий Тян сўзларига кўра, компания Европа санкциясига дучор бўлишни четлаган ҳолда Қрим шаҳарлари билан парвозлар ўрнатишдан бош тортган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги