15:26 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистоннинг тўртта шаҳри «Ипак йўли альянси» таркибига киритилди

29.10.2018 11:03 msk

Фарғона

Рустам Қурбонов. Darakchi.uz сайти фотоси
Ўзбек делегацияси Хитойнинг Хунан провинциясида ўтказилган Ипак йўли бизнес етакчилари саммитида илк бор иштирок этди. Анжуман якунида Бухоро, Қарши, Самарқанд, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти «Ипак йўли шаҳарлари альянси» таркибига киритилди, деб хабар беради Podrobno.uz.

Бу учинчи бор ўтказилган саммит бўлиб, у «Очиқ ҳамкорликнинг янги даври. Тараққиётнинг янгича асослари. Янги, гўзал Хунан» деб номланди ва хитойликларнинг «Битта камар, битта йўл» стратегиясининг эълон қилинганига беш йил тўлиши доирасида ўтказилди. Маълумки, хитойликлар Осиё, Европа, Африка ва бошқа минтақаларни бирлаштирувчи инновациявий усулни жорий этишни мақсад қилганлар.

Ўзбекистон номидан Халқаро муносабатлар ва чет эл давлатлари билан дўстона алоқалар қўмитаси раҳбари Рустам Қурбонов ва мазкур қўмитанинг Халқаро муносабатлар бўлими бошлиғи Зокир Обидов иштирок этди. Ўзбек делегацияси саммитда Ўзбекистоннинг 2017-2021 йиллардаги бешта истиқболли йўналиши ва Хитой билан ҳамкорлик муносабатларига доир нутқ қилди.

Саммит доирасида Халқаро сайёҳлик форуми ўтказилди ва ўзбек делегацияси республиканинг туризм соҳасидаги салоҳияти,хитойликлар учун виза олиш амалиёти енгиллаштирилгани ва электрон визалар ҳақида гапириб берди. Учрашув якунида йирик ўзбек шаҳарлари ва Тошкент вилояти «Ипак йўли шаҳарлари альянси»га киритилди ва махсус сертификат билан тақдирланди.

Ипак йўли лойиҳаси доирасида Халқаро фанлар академияси ва Халқаро савдо палатаси фаолият юритади ва унга дунёнинг 76 мамлакати ишбилармонлари бириктирилган. Саммитда 70 давлатдан беш юздан ортиқ вакиллар иштирок этдилар.

Анжуман Хитой халқаро савдо палатаси, «Ипак йўли» халқаро савдо палатаси, Чжанцзянцзе шаҳри ҳукумати, Хитой дўстлик муносабатлари ассоциацияси ва Хунан провинцияси халқаро савдо тараққиёти қўмитаси томонидан уюштирилди. «Хабар 24» маълумотларига кўра, учрашувда Остона иқтисодий форуми ҳузуридаги виртуал майдон - G-Global халқаро секретарияти иштирок этган. G-Global раҳбари, Қозоғистон Ҳисобот қўмитаси аъзоси Серик Нугербеков хитойлик ишбилармонлар диққатига “Рақамли Ипак йўли” лойиҳасини тақдим этган. Лойиҳа блокчейн каби замонавий технологиялар замирида яратилган.

Хитой Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкори бўлиб, 2018 йили икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси $4,4 млрд ташкил этди. Хитой ўзбек маҳсулотларини сотиб олувчи бешта мамлакатлар рўйхатини бошқаради. Ундан кейин Россия, Қозоғистон, Туркия ва Афғонистон ўрин олган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги