14:56 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентда милициядан қочган ҳайдовчи бетон қориштирувчи машинага бориб урилди

29.10.2018 10:05 msk

Фарғона

Тошкентда ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум бўлган 29 ёшли Chevrolet Lacetti ҳайдовчиси Йўл патруль хизмати ходимларидан қочишга уриниб, бетон қориштирувчи машинага бориб урилган ва шикастланиб, касалхонага ётқизилган. Авария оқибатида битта одам ҳалок бўлган, деб ҳабар беради пойтахт ИИБ матбуот хизмати.

Воқеа 28 октябрга ўтар кечаси содир бўлган. Lacetti машинаси ҳайдовчиси Жўрабек А йўл патруль хизмати ходими талабини инкор этиб тўхтамайди ва яширинишга ҳаракат қилади.


Авария жойи. Чапда — мажақланган Lacetti. Uznews.uzсайти фотоси

Шайхонтохур туманидаги Олмазор ва Ислом Каримов кўчалари чорраҳасида Ласетти катта тезликда келиб, светофорнинг тақиқловчи сигналига қарамасдан HOWO бетон қориштирувчи машинасига бориб урилади, деб ёзади, Gazeta.Uz. Lacetti мажақланиб кетади. Жўрабек А касалхонага келтирилади, унинг ёнидаги 26 ёшли шериги Шаҳбоз Х олинган жароҳатдан кўз юмади.

Кейинчалик аниқланишича, 12 апрелда Маъмурий ишлар бўйича Мирзо-Улуғбек туман суди Журабек А.ни маст ҳолда машина бошқаргани учун уни бир ярим йилга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилади.

Бўлиб ўтган воқеа бўйича Ўзбекистон Жиноят кодексининг 266-моддаси, 2-банди (“Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш”) билан жиноий иш қўзғатилган.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси машинани қувиб борган ЙПХ ходимига нисбатан хизмат текширувини бошлаган. Тергов аварияга доир аниқликлар киритади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги