14:57 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Ўзбекнефтгаз» мультфильм ёрдамида АЭСнинг устун томонларини ҳикоя қилади

26.10.2018 15:50 msk

Фарғона

«Қувват» мультфильмидан лавҳа
“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ташаббуси билан яратилаётган “Қувват” мультипликацион сериалининг тўртинчи қисми Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилиши, унинг фойдали томонларига бағишланган. Бу ҳақда АЖ матбуот хизмати хабар беради.

Мультфильм сценарийси бўйича мактаб ўқувчиси Зуҳра янги электр манбалари ҳақида реферат ёзиши керак бўлади. Бу борада унга укаси Тоҳир ва «Қувват» исмли робот ёрдамга келади. Улар биргаликда иссиқлик, гидро, қуёш, шамол энергияси ҳисобига ишлайдиган электр станцияларининг ишлари билан танишадилар. Маълум бўлишича, мазкур манбаларнинг бир нуқсон томони бор ва у атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш, ўрни қопланмас табииий ресурслардан фойдаланиш ва қувватининг камлигида намоён бўлади.

Қувват Зуҳра ва унинг укасига замонавий энг кучли энергия манбаи – АЭС фаолияти, унинг фойдали, устун томонларини гапириб беради. Робот «фан ва техника мўъжизаси» бўлмиш АЭС яқин келажакжа (АЭС эксплуатацияси 2028 йилга мўлжалланган – «Фарғона» изоҳи) ишга тушишини айтади. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда дунё бўйича барча энергияларнинг 15 фоизи айнан АЭСлар ёрдамида ишлаб чиқарилмоқда. Қувват станциянинг хавфсизлиги борасида тўхталиб, унинг самолёт қулаб тушишини ҳам кўтара олишини таъкидлайди.

Мультфильм қаҳрамонлари Атом электр станциясининг самарадорлиги, экологияга зарар келтирмаслиги, нефть, газ, кўмир ресурсларини тежашган ҳолда, минглаб ишчи ўринлари яратилишига имкон беришини тушунадилар. Станция мамлакатда қазиб чиқарилаётган уран ҳисобига ишлаб, бутун республикани электр энергияси билан таъминлайди, илмий-техник тараққиётга катта ҳисса қўшади.

«Қувват» мультсериали 2018 йил июнь ойида пайдо бўлди. Унинг биринчи сериялари “Болажон” каналида намойиш этилди. Шунингдек, сериал «Севимли-ТВ», «Миллий» ва «ZO’R TV» каналларида намойиш этилади. «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизматининг таъкидлашича, сериал болалар ва ота-оналар учун фойдали бўлиб, у табиий ресурсларни тежаш ва янги технологиялар жорий қилиш нима учун муҳимлигини яхши тушунтириб беради.

Ўзбекистон Марказий Осиёда ўз атом электр станциясига эга бўлган ягона мамлакат бўлиши мумкин. Республика Россия билан 2017 йили декабрда атом электр станция қурилиши, атом энергиясидан тинчлик йўлида фойдаланиш борасида шартнома имзолади. Лойиҳанинг техник томони Россиянинг “Росатом” давлат корпорацияси томонидан амалга оширилади.

Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистонга қилган расмий ташрифи чоғида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан биргаликда АЭС қурилишини бошлаб берувчи рамзий кнопкани босди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги