15:08 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда Умра сафари бўйича квоталар олиб ташланди

26.10.2018 13:02 msk

Фарғона

Каабатуллоҳдаги зиёратчилар. Ummatour.ru сайти фотоси
Ўзбекистонда Умра сафарига борувчи зиёратчиларнинг сонини белгилаш бўйича (квота) чекловлар олиб ташланди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита раис ўринбосари Нуриймон Абдулҳасан брифингда маълум қилди, деб хабар беради Kun.uz нашри.

Эндиликда, Жамоатчилик кенгаши томонидан Умра сафарига бормоқчи бўлган ҳар-бир фуқаро учун тўланадиган маблағ қиймати 5 804 000 сўм ($708) (бориш-келиш авиачиптасидан ташқари) миқдорда арзон бўлишига эришилган.

Мазкур маблағга Саудия Арабистиони подшоҳлиги расмий визаси, Макка ва Мадина шаҳарларидаги 5 ва 4 юлдузли меҳмонхона, ўзбек ошпазлари томонидан тайёрланадиган таомлар, 24 соатлик бепул тиббий хизмат, мамлакат рамзлари туширилган махсус либос, ибодат қўлланмаси, бейжик, замонавий транспорт ҳамда бошқа зиёрат хизматлари киритилган (Тошкент – Жидда – Тошкент авиачиптасининг нархи 5 096 000 сўмни ($622) ташкил этади).

Абдулҳасан сўзларига кўра, авваллари зиёратчилар 13,650 миллион сўм ($1665) тўлаганлар ва узоқ вақт навбат кутганлар. Бундан ташқари, одамларга икки, уч юлдузли меҳмонхоналар тақдим этилган.

У, шунингдек Ўзбекистонда Индонезия ва Малайзия давлатлари тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, Ҳаж ва Умра қилувчиларни тайёрлаш бўйича махсус ўқув дарслари ташкил этиш, уларда Исломнинг бешинчи устуни бўлган Ҳаж ибодатини ва Умра зиёратини қандай қилиб сифатли адо этишга доир маълумотлар бериш режаларини сўзлаб берди.

Абдулҳасан сўзларига кўра, ҳозирда кўпчилик тайёр бўлмаган ҳолда муқаддас бўлган зиёратларга ошиқмоқдалар ва у ерда «одоб-аҳлоқ меъёрларини» унутиб қўймоқдалар. Ички ишлар вазирлигининг собиқ вакили «меъёр» тушунчасида нимани назарда тутгани номаълум. Эслатиб ўтамиз, шу йили Макка шаҳрида иккита инсон ўз жонига қасд қилганди. Улардан бири тожикистонлик руҳий носоғлом аёл бўлган.

Ўзбекистон ҳукумати 2018 йили Саудия Арабистонидан хусусий турфирмаларга квота беришни тўхтатишни сўраб, кичик ҳаж сафарини тўлалигача ўз қўлига олди. Диний масалалар бўйича қўмита квоталар чекланишини хусусий фирмалар орқали зиёратчиларни назорат қилиш имконсизлиги билан шарҳлаганди. Саудия Арабистони Умра сафари учун Ўзбекистонга 10 мингта квота ажратган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги