14:55 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Туркия компанияси Самарқанд вилоятидаги иккита олтин конида иш олиб боради

26.10.2018 12:22 msk

Фарғона

Битим имзолаш маросими. Ўзбекистон Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси матбуот хизмати фотоси
Туркиянинг Tasaypi компанияси Самарқанд вилоятидаги Ғаллабулоқ ва Қуштепада олтинга оид объектларни ўзлаштириш лойиҳасини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон билан геология-қидирув ишларини ҳамкорликда олиб боришга доир Меморандум имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси матбуот хизмати хабар беради.

Биринчи босқичда Tasaypi компанияси қуйидаги ишларни амалга оширади: мавжуд ресурс базаси тўғрисидаги ахборотни аниқлаштириш ва тарихий геологик-қидирув маълумотлари, шу жумладан халқаро стандартлардан фойдаланишни тасдиқлаш учун объектларда текширув пунктларини очиш, технологик жараёнларни ишлаб чиқиш учун металлургик синовларини ўтказиш, олтин захираларини ривожлантириш учун ПТЭО (тахминий техник-иқтисодий асослар) лойихасини ишлаб чиқиш. «TAŞYAPI INŞAAT TAAHHÜT SANAYI VE TICARET A.Ş.” компанияси кейинги 4 ой давомида барча тадбирларини амалга ошириш ниятида. Лойиханинг биринчи босқичининг ижобий натижаларидан сўнг томонлар олтин захираларини ривожлантиришда хамкорлик қилишнинг шакл ва шартлари тўғрисида келишадилар.

Тасдиқланган тартибга кўра, илгари томонлар ўртасида Ҳамфикрлик тўғрисида Меморандум ва қайд этилган объектлар учун ошкор қилмаслик тўғрисида Келишув имзоланган ва лойиҳада иштирок этиш бўйича қарор қабул қилиш учун геологик материаллар Туркия томонига белгиланган тартибда берилган эди. Материалларни ўрганиш доирасида турк ва немис эксперт–геологлари томонидан жойларга чиқилган ва намуналар олинган ва Туркия ва Канададаги халқаро лабораторияларда таҳлил қилган ҳолда объектни ўрганиш ташкил этилган эди.

2017 йил 31 майдаги ҳукумат қароридаги прогнозларга кўра, Ғаллабулоқ ва Қуштепадаги конларда олтин-кварц ва олтин-сульфидли-кварц металли 5,9 тоннани ташкил этади. Ўзбекистон ҳукумати жами 31 та истиқболли ҳудуд ва 12 та конни ўзлаштиришга қарор қилган. Бу ерларда 151 тонна олтин ва 1200 тонна кумуш каби қимматбаҳо металларни қазиб олиш имконияти мавжуд.

Жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ва Туркиянинг Энергетика ва табиий ресурслар вазирлиги Жиззах ва Навоий вилоятларидаги учта олтин конини ўзлаштириш бўйича битим имзолаганди. Шу йили гелогия-қидирув ишлари бошланиши кутилмоқда. Туркия уч йил ичида ушбу лойиҳани амалга ошириш учун $5 млн миқдорида маблағ сарфлайди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2018 йил 1 сентябрь маълумотларига кўра, Ўзбекистондаги олтин захираси $13,9 миллиардни ташкил этади.

Ўзбекистон экспортида олтин муҳим ўрин эгаллайди. Республика 2020 йилга келиб заргарлик буюмларини ишлаб чиқаришни $40 млн етказишни кўзлаган, улардан $14 млн экспорт қилинади. Ўзбекистоннинг ташқи савдосидаги энг муҳим ҳамкори - Швейцария ҳисобланади. У катта миқдорда ўзбек олтинини сотиб олади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги