14:56 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Мирзиёев хориждаги «фойдали» ватандошларнинг Ўзбекистон фуқаролигини олишини енгиллаштирди

26.10.2018 11:34 msk

Фарғона

Sputniknews-uz.com сайти фотоси
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев хорижда яшаётган ва Ўзбекистонга фойда келтирувчи ватандошлар учун фуқаролик олиш тартибини енгиллаштирди. Бу борада 25 октябрь куни имзоланган ва ЎзА миллий ахборот агентлиги чоп этган “Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” президент қарорида сўз юритилади.

Мазкур ҳужжатда хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик қилишни мустаҳкамлаш борасидаги давлат сиёсати Концепцияси ўз аксини топган.

«Белгилансинки, ватандошлар билан ҳамкорликнинг даражаси ва шаклидан келиб чиқиб, уларга Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида кўзда тутилган соддалаштирилган тартибда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини бериш кўзда тутилади», дейилади ҳужжатда.

Ўзбекистон фуқаролигини олиш муҳим масала бўлиб қолмоқда, чунки мамлакатни турли йилларда тарк этган юртдошларнинг бошқа паспорт билан Ватанга қайтиши аэропортларда паспорт назоратидан ўтиш пайтида уларни турли муаммоларга тақамоқда эди. Жумладан, улар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 223- моддаси (“Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш”) бўйича катта жаримага тортилиши ёки ўн йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин эди. Бундай тартиб минглаб одамларни ҳеч бўлмаганда сайёҳ сифатида она ватанига келишига тўсиқлик қиларди.

Президент қарорида кириш визаларини, шу жумладан, кўп маротабалик ва узоқ муддатли визаларни соддалаштирилган ҳолда расмийлаштириш, вақтинчалик яшашга ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатнома бериш,

юқори малакали кадрларни Ўзбекистонда зарур бўлган мутахассисликлар бўйича ишга олиш, хориждаги ОАВ вакилларининг соддалаштирилган тартибда аккредитациядан ўтиши масалалари кўрилган.

Концепцияда чет эл фуқаролиги бор ўзбекистонликларнинг Ўзбекистон олий ўқув юртларининг она тили ва адабиёти, тарих, кино, маданият, театр санъати, телевидение ва радио йўналишида ўқиши учун грантлар олиши мумкинлиги ёзилган. Шунингдек, унда юқори малакали кадрларни Ўзбекистонда зарур бўлган мутахассисликлар бўйича ишга олиш, ижтимоий ва маиший масалаларни ҳал қилишга ёрдам бериш, давлат тасарруфида бўш турган объектларни ва ер майдонларини ватандошларга тадбиркорлик, илмий-тадқиқот, маърифий, инновацион ва бошқа дастур ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратиб бериш, ватандошлар орасида юқори малакали мутахассисларни давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлат ташкилотларига раҳбарлик лавозимларига жалб қилиш масалалари ёритилган. Хориждаги кадрларни жалб қилиш «Эл-юрт умиди» жамғармаси ва Ташқи ишлар вазирлигига топширилган.

Чет элларда кадрлар тайёрлаш, хориждаги ватандошлар билан мулоқот ўрнатиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида «Эл-юрт умиди» жамғармаси ўтган йили сентябрда ташкил этилган. Унинг фаолияти учун давлат бюджетидан 45 млрд сўм ($5,6 млн) ажратилган.

Хориждаги юқори малакали ватандошларни ҳукумат ишларига жалб қилиш ташаббуси Ташқи ишлар вазирлигига тегишлидир. 2018 йилги Давлат дастурида ҳам хориждаги ватандошлар билан ҳамкорлик қилишга алоҳида урғу берилган. Бу йўналишдаги фаолиятнинг маҳсули ўлароқ хориждаги ватандошлар иштирокида «Buyuk Kelajak» экспертлар кенгашининг тузилиши бўлди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги