14:58 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Наманган вилоятида 30 дан ортиқ одам шашликдан заҳарланган

26.10.2018 10:07 msk

Фарғона

Pixabay.com сайти фотоси
Наманган вилоятининг Чуст шаҳрида 30 дан ортиқ одам шашлик тановулидан заҳарланган. Улардан иккитаси вафот этган, олти киши шифохонанинг жонлантириш бўлимида ётибди, деб хабар беради “Озодлик” радиоси.

Маҳаллий ошхонада одамларнинг ялпи заҳарланиши 21 октябрь куни содир бўлган, лекин ОАВга орадан бир неча кун ўтиб ушбу воқеа маълум бўлган. Одамлар заҳарланган ошҳона Чуст шаҳрида жойлашган.

Мудхиш воқеадан сўнг бу ердаги барча ошҳоналар ёпилган, Наманган ва Тошкентдан келган эпидемиологлар текширувлар олиб бормоқда. Чуст Санитария-эпидемиология назорати маркази раҳбари Зайлиддин Анорқулов туман ва вилоят лабораторияларида ўтказилган анализлар - ичак иерсиниози касаллигини тасдиқлаганини маълум қилади.

Шифохона врачи икки одам вафот этганини тасдиқлаган. Лекин шаҳарда одамлар орасида миш-мишлар тарқалиб, унда ўн беш одам ўлгани, улар ҳалқ тилида “куйдирги” (Сибирь яраси туфайли келиб чиқадиган, одамлар ва ҳайвонларга хос бўлган ошқозон-ичак касаллиги — зооантропоноз касаллиги) дея аталувчи касалликка чалинган ҳайвон гўштидан тайёрланган шашликлардан заҳарланганлиги айтилади.

Намангандаги бу воқеадан кейин орадан бир кун ўтиб, 22 октябрь куни Самарқандда хот-доглардан заҳарланган 17 нафар одам шифохонага мурожаат қилган, улардан учтаси 14 ёшгача бўлган ўспиринлар бўлган. Уларнинг барчаси антисанитария шароитида ишлаётган кафедан хот-дог сотиб олганлар.

Самаркандда содир бўлган заҳарланишлар тўғрисида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги шарҳлар берди, лекин Чуст воқеаси тўғрисида расмий доиралар муносабат билдирмаган. Чуст туман шифохонаси врачи унга ва бошқа мутахассисларга заҳарланганлар ҳақида гапириш ман қилингани айтади ва исмининг сир тутилиши сўраган.

Наманганда шу йилнинг февраль ойида одамларнинг ялпи заҳарланиши содир бўлганди. Ўшанда 40 нафар одам қўй гўштидан тайёрланган овқатдан заҳарланган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги