14:57 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Германия ширкати ўзбекистонлик футболчиларни кийинтирадиган бўлди

26.10.2018 10:05 msk

Фарғона

Jako ишлаб чиқарган футбол формаси. Podrobno.uz сайти фотоси
Ўзбекистон Футбол ассоциацияси Германиянинг Jako ширкати билан барча ёшдаги Ўзбекистон футбол терма жамоалари учун спорт либосларини етказиб бериш тўғрисида шартнома тузди. Шартнома уч йил муддатга тузилди, дея хабар беради Kun.uz Ўзбекистон Футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти ва Ўзбекистон Олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджоновга таянган ҳолда.

Аҳмаджановга кўра, шу йил Adidas билан тузилган ҳамкорлик тўғрисидаги шартномадан воз кечишга тўғри келди.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси терма жамоалар учун сифатли экипировкалар етказиб берувчи бир қатор хориж компаниялари билан музокаралар олиб бориб, якунда Германиянинг машҳур JAKO (ЯКО) компанияси билан ҳамкорлик бўйича келишувга эришди. Ширкат барча ёшдаги Ўзбекистон футбол терма жамоалари учун спорт либосларини етказиб беради, фақат олимпия терма жамоасига либосларни PRES-JOG етказиб беради.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси 2004-2012 йилларда Puma, 22013-2018 йилларда Joma компаниялари билан ҳамкорлик қилган. Шунингдек, турли йилларда Umbro, Admiral, Grand Sport ва Hummel компаниялари Ўзбекистон терма жамоаларига экипировка етказиб келган.

2018 йилда Adidas компанияси билан шартнома тузилганди, Ўзбекистон бу ширкат билан 1992-1997 йилларда ва 2000 йилда ишлаган. Шартноманинг бунчалик тез бекор қилиниши сабаби ошкор қилинмаяпти. Бироқ алоқаларни бузиш ташаббуси билан компаниянинг ўзи чиққан бўлиши мумкин, дея тахмин қилинмоқда. Негаки олдинроқ Adidas Россия ва МДҲ мамлакатлари ҳудудида тушум пасайиб кетгани хабар қилганди. Компаниянинг 2017 йилги молиявий ҳисоботида қайд этилишича, Россия ва МДҲда савдо ҳажм 3 фоизга қисқариб, 660 млн еврони ташкил этган. Курс бўйича фарқ ҳисобга олинмаганда, пасайиш 12,8 фоизга тенг бўлади. Шу муносабат билан компания Россия Федерация ҳудудида юзлаб дўконларини ёпишга қарор қилди. Шу билан бирга, Adidas 2017 йилда 1,1 млрд евро соф фойдага эга бўлди ва кўрсаткич олдинги йилга нисбатан 7,9 фоизга баландроқ.

JAKO компанияси спорт экипировкалари (либос, оёқ кийим, аксессуарлар) ва инвентарларни ишлаб чиқаришга мўлжалланган компания бўлиб, унга Руди Шпрюгель томонидан 1989 йилнинг 1 ноябрида асос солинган. Айни пайтда JAKO компаниясининг 40дан ортиқ мамлакатларда филиаллари мавжуд. Компаниянинг бош биноси Германиянинг жануби-ғарбидаги Холленбах округида жойлашган. Ҳозирда Австрия, Бельгии, Голландия, Швейцария каби мамлакатларнинг бир қатор клублари айнан JAKO компанияси билан ҳамкорлик қилади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги