15:10 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

UzCard тизимидаги носозликлар мамлакат бюджетига миллионлаб доллар зарар келтирган

25.10.2018 16:37 msk

Фарғона

UzCard карталари. Xs.uz сайти фотоси
Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев Ягона умумреспублика процессинг марказининг (UzCard) уч кун техник носозликлар туфайли ишламай қолгани фуқаролар ва давлатга қанчалик зарар келтирганини маълум қилди. Мирзаев сўзларига кўра, давлат бюджетига 27 млрд сўм ($3,28 млн) миқдорида тушум бўлмаган, деб хабар беради Spot.uz.

«Бир кунлик айланма (терминаллар орқали амалга оширилган тўловлар) 180 миллиард сўмни ($21,8 млн) ташкил қилади. Агар уларнинг бюджети 5%га тенг бўлса, унда бир кун мобайнида бюджетга 9 миллиард сўм ($1,09 млн), уч кун мобайнида 27−30 миллиард сўм тушумни ташкил этади, энди бу оддий математика. Бу фақат бевосита зарардир. Бундан ташқари, бошқа позициялар ҳам мавжуд. Аҳоли учун моддий ва маънавий зарар юқори бўлиши мумкин. Уни ҳисоблаш қийин”, — деди Мубин Мирзаев.

Шунингдек, вазир ўринбосари бу воқеага нисбатан мамлакат раҳбарияти томонидан жиддий муносабат билдирилганини ҳам айтиб ўтди. Хусусан, президент янги чакана тўлов тизимини яратиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолаган.

Ҳужжатга биноан, 2019 йил 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Миллий банклараро процессинг маркази, банклараро тўлов тизими ва клиринг марказининг фаолият юритиши учун маълумотларни қайта ишловчи тўлақонли марказ яратилади. Марказий банкка 2020 йил 1 январга қадар маҳаллий ва халқаро банк карталари бўйича ҳисоб-китобларда иштирок этувчи банклар ўртасида ахборот ва технологик алоқа ўрнатишга кўмаклашувчи Миллий банклараро процессинг маркази ишга туширилиши, 2020 йил 1 июлга қадар мамлакатдаги барча процессинг марказларининг, шу жумладан, халқаро тўлов тизимларининг бевосита Миллий банклараро процессинг марказининг ягона шлюзи орқали ишлашини таъминлаш юклатилади.

Банк тўлов инфратузилмаси доимий равишда яхшиланиши, банкоматлар ва ўзига ўзи хизмат кўрсатувчи кўп функцияли терминаллар тармоғининг, шу жумладан, ўз тасарруфидаги корхона ва ташкилотларни жалб қилган ҳолда кенгайтирилиши таъминланади.

«Янги тизимнинг муҳим томони шундаки, у орқали хоҳ хорижий, хоҳ миллий валютада тўловлар ўтказилиш мумкин. Чет эл фуқароларининг долларни сўмга алмаштиришига ҳожат қолмайди. Улар валютали карталари билан товарларни сотиб олишлари мумкин. Бунда автоматик равишда конвертация амалиёти бажарилади», — деди Мирзаев.

Сентябрда тўлов тизимдаги юз берган носозликлар кўпчилик ўзбекистонликларга салбий таъсирини кўрсатди. Марказий банк маълумотларига кўра, мамлакатнинг 18 миллион аҳолисида платик карталар мавжуд, 243 мингга яқин терминаллар ўрнатилган. Ижтимоий тармоқларда, жумладан UzCard саҳифасида кўпчилик одамлар носозлик туфайли таътилга чиқолмагани, керакли озиқ-овқат ва дори- дармонларни сотиб ололмаганидан шикоят қилганлар. Уларга UzCard ходимлари тезкорликда маълумотлар тақдим этмаганлари ҳам ёқмаган. Карта соҳиблари тизимдаги носозликлар иқтисодиётнинг сустлигидан дарак беришига ишора қилиб, UzCard нинг захира сана-марказлари бор-йўқлиги билан қизиқдилар. Тўлов тизими ходимлари бу саволларни жавобсиз қолдирдилар.

Korzinka.uz супермаркет тармоғининг асосчиси Зафар Ҳошимов UzCard нинг ишламай қолгани туфайли сотув икки баробарга тушиб кетганини айтган. «Йўқотишлар бундан ҳам кўп бўлади. Пластик карталарнинг ҳеч қаерда ишламаслиги одамларнинг нақд пулга бўлган эҳтиёжини янада кўпайтиради. Харидор нақд пул билан савдо қилишни хоҳламайди, бу омил савдода янада йўқотишларга сабаб бўлади», — дея қўшимча қилди у.

UzCard тизими 2000 йиллар ташкил этилган. Ҳозирда мазкур тўлов тизими ўзида 27 та тижорат банкларини жамлаган. Тизим Ўзбекистонда монополия мавқеини эгаллаган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги