14:55 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қўқондаги коллеж ходимлари ўқувчи қизларни зўрлашда гумонланмоқда

25.10.2018 14:04 msk

Фарғона

Қўқон махсус енгил саноат коллежи биноси. Ozodlik.org сайти фотоси
Қўқон шаҳридаги Махсус енгил саноат коллежи ходимларидан бир нечтаси ўқувчи қизларни зўрлашда гумонланмоқда. Бу ҳақда Turon24га вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакилларидан бири маълум қилди. Исми айтилмаслигини истаган суҳбатдош, Қўқон шаҳар ҳуқуқ-тартибот идоралари шаҳардаги Махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежида ўқувчи қизларнинг номусига тегилгани юзасидан тергов бошланганини айтади.

Коллежда ўқиётган қизларнинг барчаси гинекология кўригидан ўтказилмоқда. Суҳбатдошнинг сўзларига қараганда, «уларнинг 80 фоизи жинсий зўравонлик қурбонлари бўлган».

«Озодлик» радиоси маълумотларига кўра, директор, унинг иккита ўринбосари, бош бухгалтер, бешта тарбиячи ва коллеж қоровули ҳибсга олинган. Коллеж директори давлат мулкини талон-тарож қилганлик ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, директорнинг ҳайдовчиси, коллеж қоровули, ёшлар етакчиси ва руҳшуноси жинсий зўровонликда айбланиб, ҳибсга олинган. Тергов пайти директордан бошқа ходимлар гаров эвазига озод этилган.

Қўқон шаҳар Махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежида саломатлигида ва хулқида нуқсони бор ўқувчилар ўқийди. Маълум бўлишича, коллежнинг 16 ёшли ўқувчиси ҳомиладор бўлиб қолган. Қўқон шаҳар прокуратураси аноним сўроқ ўтказган. Шунда бошқа қизлар ҳам жинсий зўравонлик қурбони бўлишгани ҳақида ёзиб беришган. Шаҳар прокуратураси шу йилнинг 15-20 октябрь кунлари коллежнинг молиявий, ташкилий ва тарбиявий ҳолати бўйича тафтиш ўтказган. Барча ходимлардан тушунтириш хати олинган.

Гумонланувчиларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118 — моддаси (номусга тегиш), 119- моддаси (жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш), 129-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш),205-моддаси (мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва пора олиш) бўйича жиноят ишлари қўзғатилган.

«Озодлик»нинг аноним манбаларига кўра, терговчилар уч кун давомида гумонланаётган шахсларни қийноққа солганлар, оқибатда ҳайдовчи ва қоровул шифохонага ётқазилган. «Улар [милиционерлар] ёшлар етакчисини майиб қилиб, қизларни зўрлаганлик айбини бўйнига қўйдирдилар», — деган ходим.

ОАВ маъмулотларига кўра, ҳозирда таълим муассасасининг 80 дан ортиқ ходим ва ходималари ишга чиқмаяпти. Фарғона вилояти Касб-ҳунар таълими бошқармаси томонидан мазкур бўйшлиқни тўлдириш учун бошқа коллеж ва лицейлардан ўқитувчилар сафарбар қилинган.

Аввали бунга ўхшаш воқеа Марғилоннинг №1 Меҳрибонлик уйида бўлиб ўтганди. Интернат ходимлари ўқувчиларни зўрлашдан ташқари, жиноят кодексининг саккизта моддаси бўйича айбланганлар. 2018 йил августда интернат директори вояга етмаган ёшларни зўрлаганлиги учун 16 йил озодликдан маҳрум этилди. Бу ишдаги бошқа бир фигурант 14 ёшга етмаган шахсларни зўрлаганлиги учун 14 йил қамоқ жазосини олди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги