14:57 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Суд Ислом Каримов ўғлининг аризаси юзасидан ўз ишини тўхтатди

25.10.2018 12:35 msk

Фарғона

Москва шаҳри Тверь туман суди. ТВЦ телеканалидан лавҳа
Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовни ўғли Пётр Каримовнинг «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясига (МАК) нисбатан берган даъво аризаси бўйича суд жараёни тўхтатилди. Бу ҳақда Фуқаролик ишлари бўйича Москва шаҳар Тверь тумани суди сайтида хабар берилади.

Фуқаролик ишлари бўйича Тверь тумани судининг раиси Денис Иванов даъвогар ва жавобгар томонидан судгача бўлган келишув битими тузилгани ва тарафларнинг келишуви тўғрисидаги хужжат судга тақдим этилгани сабабли мазкур иш тўхтатилганини эълон қилди, деб хабар беради «Би-би-си» нинг ўзбек хизмати. Унга кўра, 24 октябрда Пётр Каримов суд мажлисига келмаган.

Хабарларга кўра, Пётр Каримов бир неча йил «Ўзбекистон ҳаво йўллари» компаниясида топ-менежер вазифасида ишлаган. МАК адвлокати сўзларига кўра, у 2016 йилгача ишлаган, кейин ўз ихтиёри билан ишдан бўшаган. Пётр Каримов 23 август куни ўзининг собиқ иш берувчиси "Ўзбекистон ҳаво йўллари"нинг Москвадаги ваколатхонасидан маош ва товон пули ундириб беришни сўраб, Тверь туман судига мурожаат қилган. Даъво этилган сумма ва бошқа тавсилотлар ҳақида маълумотлар берилмаган. Бироқ, авиакомпания вакиллари ўз вақтида Пётр Каримов билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилганини маълум қиладилар.

Каримовнинг даъво аризаси август ойида қайддан ўтказилган ва суд мажлиси 24 октябрга белгиланган эди. Суд ишига 45 - категорияси берилган ва у “Тўланмаган ойлик маошларига доир меҳнат бахслари” деб номланади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги