14:58 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Олмалиқда Россия университетининг филиали очилди

19.10.2018 11:03 msk

Фарғона

МИСиС филиали биноси. Nuz.uz сайти фотоси
18 октябрь куни Олмалиқ шаҳрида “МИСиС” Россия миллий технологик тадқиқотлар университетининг (МТТУ) (собиқ Москва пўлат ва қоришмалар институти) филиали очилди, деб хабар беради Nuz.Uz.

Филиалнинг очилиш маросимида Россия Фан ва олий таълим вазири Михаил Котюков, «ОТМК» бошқарув раиси Абдулло Хурсанов ва «МИСиС» МТТУ ректори Алевтина Черниковалар иштирок этдилар. Котюков филиалнинг очилиши ҳамкорликда университетни ривожлантириш дастурига туртки бўлишини таъкидлади. Черникова филиал олий даргоҳнинг юз йиллик таваллуди арафасида очилгани ва бу ишлар Ўзбекистон билан саноат соҳасида кадрларни тайёрлаш борасидаги ҳамкорликнинг янада фаоллашганидан дарак беришига эътибор қаратди, деб хабар беради ТАСС.

«МИСиС» Ўзбекистоннинг йирик саноат компаниялари билан ҳамкорлик қилади. Уларнинг орасида Навоий ТМК, Узметкомбинат, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, «Женерал Моторс — Ўзбекистон», «Металлоинвест» компаниялари бор.

Жорий 2018-2019 ўқув йилида Олмалиқ филиалида 150 нафар талаба «тоғ иши», «металлургия», «автоматизация ва технологик жараёнлар ва ишлаб чиқариш бошқаруви” йўналиши бўйича таълим оладилар. Вақти келиб Олмалиқда саноат ишлаб чиқаришда фундаментал илмий тадқиқотлар олиб борилади.

Филиал «МИСиС»нинг хориждаги иккинчи таълим даргоҳи ҳисобланади. Унинг биринчи жориж филиали Душанбе шаҳрида жойлашган ва у 2012 йили очилган. QS BRICS-2019 рейтинги натижаларига кўра, «МИСиС» МТТУ 7 позицияга ўсиб, рейтингда иштирок этаётган 403 ОТМлар орасида 54 - ўринни ва BRICS мамлакатлари ўртасида 14 ўринни эгаллаган.

«МИСиС» филиалини Ўзбекистонда очиш бўйича шартнома 2017 йили ўзбек делегациясининг Москвага ташрифи чоғида имзоланган. Филиал очилишига россиялик ўзбек миллиардери Алишер Усмонов салмоқли ҳисса қўшган.

2018 йил май ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев филиал очилишига доир қарорни имзолади. Навоий Давлат Тоғ-кон институтининг Олмалиқдаги биноси ва ўз фаолиятини тугатган Олмалиқ касб-ҳунар коллежи биноси филиал ихтиёрига топширилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги