14:57 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Россиянинг концерни Фарҳод ГЭСини модернизация қилади

18.10.2018 16:57 msk

Фарғона

Фарҳод ГЭСи. Олег Дуболозов фотоси, Wikipedia.org сайтидан олинган
Фарҳод ГЭСи модернизацияси билан Россиянинг «Силовые машины» концерни шуғулланади. Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукумати қарорига таянган ҳолда UzDaily.uz хабар беради.

Ҳужжатга кўра, «Силовые машины — ЗТЛ, ЛМЗ, Электросила, Энергомашэкспорт» концерни ва «Ўзбекгидроэнерго» АЖ Фарҳод ГЭСини модернизация қилиниши борасида 56,52 млн евро қийматига эга шартнома имзолаган. «Гидропроект» акциадорлик жамияти инвестициявий лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиққан ва унга 58,27 млн евро миқдорида маблағ сарфланади. Модернизациядан сўнг станциянинг қуввати 127 МВт иборат бўлиб, у йилига 531,2 млн кВт/с электр энергиясини ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади.

Россия Ташқи иқтисодий банки ва Ўзбекистон Миллий банки кредит линиясини очиш тўғрисида битим имзолаган. Лойиҳани молиялаштириш учун Россия томони 45,22 млн евро миқдорида кредит ажратади. Кредит йилига 2,35 фоиз ставкаси билан берилади. «Ўзбекгидроэнерго» лойиҳани амалга ошириш учун 13,05 млн евро миқдорида маблағ йўналтиради. Кредитлар 2028 йилгача тўланиши кўзда тутилган. Кредит фоизлари 6 млн еврони ташкил этади.

Бир ҳафта олдин «Силовые машины» концерни томонидан Сирдарё иссиқлик электр станциясининг олтита энергия блоклари модернизация қилиниши тўғрисида хабарлар берилганди. Ҳужжатга кўра, иш уч босқичдан иборат бўлади. ИЭС реконструкцияси 2022 йилда тугатилади, контракт нархи $177 млн.дан иборат. Натижада станция қуввати 1800 дан 1950 Мвт.га ошади.

2016 йили Россия концерни Тошкент вилоятидаги Чорвоқ гидроэлектрстанциясини модернизация қилганди. Бу ерда олиб борилган таъмирлаш ишлари туфайли станция қўшимча йилига 120 млн кВт/ч электр энергиясини ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлди. Лойиҳа нархи $56,5 млн бўлиб, у Ўзбекистон Реконструкция ва тараққиёт жамғармаси ва «Ўзбекэнерго» АЖ томонидан молиялаштирилган.

Фарҳод ГЭСи (ГЭС-16) — Сирдарё дарёсида қурилган гидроэлектрстанция ҳисобланади. 2018 йил март ойида Тошкент ва Душанбе ўртасида имзоланган шартномага кўра, ГЭС жойлашган ҳудуд Тожикистонга қарайди, гидроэлектрстанция эса Ўзбекистон мулки ҳисобланади. Объектга техник хизмат қўрсатишга Тошкент, уни қўриқлашга Душанбе жавоб беради.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги