14:56 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Ўзбекистон темир йўллари» тезюрар поездлар чипта нархини оширганини маълум қилди

18.10.2018 11:21 msk

Фарғона

Afrosiyob тезюрар поезди. Uznews.uz сайти фотоси
«Ўзбекистон темир йўллари» акциадорлик жамияти 2018 йил 1 ноябрдан Afrosiyob тезюрар поездларидаги чипта нархини оширади. Бу ҳақда компания сайтида хабар берилган.

«Бу ўз навбатида ҳар куни сарфланиб келинаётган электр энергия, хомашёлар, шунингдек, ҳаракатланиш давомида вужудга келадиган барча харажатларни қоплаш ва поездда хизмат кўрсатувчи барча ходимларга муносиб иш ҳақини тўлашга замин яратади.

Нархларни тартибга солиш ўз навбатида поезд йўналишлар сонини кўпайишига олиб келади ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган йўналишларни доимий равишда таъминлаб туради», — дейилади хабарда.

Компания чипталар нархи қай даражада ошишини айтмаган, норасмий маълумотлар эса бир-биридан фарқ қилади. «Газете.uz» хабарига кўра, компаниядагилар нарх ўртача 35 фоизга ортишини айтган, Podrobno.Uz сайти манбалари эса чипталар 10-12% қимматлашишини айтган.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ёзда Afrosiyob поездларининг нархи 35 фоизга ортишини ва бу 15 августдан бошланишини айтганди. Чипта нархлари 2014 йилдан бери илк бор оширилмоқда.

Talgo-250 тезюрар поездлари Испанияда ишлаб чиқарилган бўлиб, у Afrosiyob («Афросиёб») номи билан дастлаб Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари ўртасида қатнай бошлади. Бугунги кунда Afrosiyob Тошкент — Самарқанд, Тошкент — Қарши ва Тошкент — Бухоро йўналишлари бўйича қатнайди.

«Ўзбекистон темир йўллари» ҳисоботига кўра, 2018 йилнинг биринчи кварталида компания даромади икки триллион сўмни ($254 млн) ташкил этган. Бундан бир йил аввал бу кўрсатгич бир триллион сўм ($127 млн) миқдорида бўлган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги