14:57 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентда олти синф ўқувчиси ўқитувчиси устидан шикоят қилган

18.10.2018 11:08 msk

Фарғона

Билолбекнинг бўйнидаги калтак излари. Ozodlik.org сайти фотоси
Тошкент шаҳри, Олмазор туманидаги 29-мактабнинг 6-синф ўқувчиси Билолбекнинг яқинлари унинг ўқитувчиси томонидан калтаклангани даъвоси билан ички ишлар бўлимига шикоят аризаси топширган, деб хабар беради «Озодлик» радиоси.

«Озодлик»ка йўлланган суратда Билолбекнинг бўйин қисмида қизарган излар борлигини кўринади. Ўқувчининг сўзларига кўра, бу ўқитувчиси калтаклаганидан сўнг қолган жароҳат изларидир. Билолбек бувисига ўқитувчиси унинг бошини деворга урганини айтади. Келаси кун бола боши айланиб, қўнгли айнишидан шикоят қилади. Ҳозирча суд-тиббиёт экспертизаси тайёр эмас, унга кўра жиноий иш қўзғатилиши мумкин.

Воқеа 15 октябрь куни 29-мактабнинг 6-синфида тарих дарси бўлаётган пайт содир бўлган. Бу ҳақда «Озодлик»ка гапирган Билолбекка кўра, у дарс пайти тарих ўқитувчиси томонидан калтакланган.

– Ўртоғим ручка сўради, бердим. Иккинчи марта мен синф ишини сўрагандим, кейин тарих устоз “Нимага гаплашаяпсан” деб бошимга уриб, ёқамдан ушлаб, коридорга олиб чиқиб кетдилар-да, роса урдилар. Деворларга бошимни уриб, бўғдилар. Кейин йиғлаб, “Директорга айтиб бераман”, десам, орқамдан қувлаб, яна уриб ташладилар. Бошимни неча марта деворга урдилар. Олдин юзимга шапалоқ урдилар. Кейин бошимни деворга уриб, бўғдилар. Кўнглим айниб, бошим айланди, кейин мактабдан қочиб кетдим,- дейди Билолбек «Озодлик» билан суҳбатда.

Тарих ўқитувчиси «Озодлик» радиоси билан суҳбатда Билолбек уни ҳақорат қилгани учун унга нисбатан куч қўллаганини тан олди.

- Дарсда тинч ўтирмади. Уни 3-4 марта огоҳлантирдим. Гап қайтарди. Мавзуни тушунтириб кетаяпман, яна қилиқ қилди. “Доскага чиқинг”, десам, “Нимага чиқаман”, деди. Ёнига бордим. Кейин қўлидан тортиб, “Доскага чиқинг” десам, йўқ деди-да, онадан сўкди, мени сўкди, ҳақорат қилди. Сразу изидан чиқдим-да, ушлаб олдим қўлидан. Ёқасидан ушлаб, залдан тортиб келдим. Озгина қаттиқроқ тортганим учун бўйни қизариб қолган. Мен урсам, урдим, дейман. Сўккани учун жаҳлим чиқиб тортганимда қизарган, - дейди 29-мактаб тарих ўқитувчиси.

Мактаб директори Барно Бекмуҳаммедова Билолбекнинг тарбияси оғир болалардан эканини айтиб, иш бошлаганига икки йил бўлган ўқитувчини оқлашга ҳаракат қилади.

- Бола охирги пайтда умуман одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилмай қўйган. Дарсларга кирмасдан, дарсга кирганда ёзмасдан, ўқитувчини беҳурмат қилиб, сўкади. Бутун мактаб пед.жамоаси билади боланинг бунақа аҳволини, - дейди Барно Бекмуҳаммедова.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати ходими Ихтиёр Махматқуловнинг «Озодлик»ка айтишича, ҳар қандай ҳолатда ўқитувчининг ўқувчига нисбатан куч қўллаши мумкин эмас.

-Ҳеч қайси ҳолатда ўқувчига нисбатан куч ишлатиш мумкин эмас. Агар бола шўх ёки тарбияси оғирроқ бўладиган бўлсаям, масалан, ота-онани мактаб раҳбарияти чақиртириб, огоҳлантириш мумкин. Лекин ҳеч қайси ҳолат бўйича болага куч ишлатиш мумкин эмас, - дейди Ихтиёр Махматқулов.

Бу оммавий ахборот воситаларига маълум бўлган ўқувчи ва ўқитувчи ўртасида содир бўлган биринчи муаммо эмас. Май ойида Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳридаги мактабда уй вазифасини бажармаган биринчи синф боласининг пешонасига ўқитувчиси “икки” баҳосини чизиб қўйгани катта жанжалга сабаб бўлганди. Ижтимоий тармоқларда пешонасига икки баҳо чизилган ўқувчининг сурати пайдо бўлганидан сўнг мактабда текширувлар ўтказилди. “Ўқувчилар ҳуқуқлари ва номуси поймол этилгани” сабаб, айбдор ўқитувчи, мактаб директори ва унинг ўринбосари ишдан олинган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги