15:09 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Россия холдинги Тошкент вилоятида цемент заводини қура бошлади

18.10.2018 10:15 msk

Фарғона

Sputniknews-uz.com сайти фотоси
«Оҳангаронцемент» корхонасига эгалик қилувчи Россиянинг «Евроцемент групп» холдинги Тошкент вилоятида қиймати $160 млн.дан ортиқ бўлган цемент заводини қуришга киришди. Бу ҳақда холдинг сайтида маълумот берилган.

«Оҳангаронцемент» базасида қурилаётган мазкур цемент заводи қурилиш материаллари кластери ичида энг йирик лойиҳадир, деб баҳолади “Евроцемент групп” президенти Михаил Скороход 17 октябрь куни завод қурилишининг биринчи тошини қўйиш маросимида. Скороход ва “Ўзқурилишматериал” АЖ бошқарув раиси Ботир Зарипов 20 йилдан сўнг, яъни 2038 йили очиладиган эсталик капсуланисини имзолаб, муҳрладилар.

Қурилиш пудратчиси цемент машинасозлиги ва цемент ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи хитойликларнинг саноат гуруҳи - SNBМ бўлди. Корхона Европада ишлаб чиқарилган юқори технологияли ускуналар билан жиҳозланади.

Завод йилиги 3 млн тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади ва “Евроцемент групп” маҳсулотнинг биринчи партиясини 2020 йили ишлаб чиқаришни кўзлаяпти. Заводда Ўзбекистонда қурилаётган электрстанциялар, аэродром йўлаклари, турар-жой, офис, савдо мажмуалари қурилиши учун зарур бўлган олий сифатли цементлар ишлаб чиқарилади. Маҳсулот сифати минтақадаги сейсмобардошлик талабларига жавоб беради.

«Бу Марказий Осиёдаги энг йирик ва МДҲдаги энг замонавий, тўлиқ автоматлаштирилган ва атроф-муҳитга кам таъсир қиладиган корхона бўлади», — дейилади холдинг матбуот баёнотида.

Мазкур қурилиш «Евроцемент групп» ва «Ўзқурилишматериал» ўртасида 2017 йили имзоланган битим маҳсули бўлди. Бу билан боғлиқ ҳужжатлар Россия ва Ўзбекистон давлат раҳбарлари ва Бош вазирлари иштирокида Москва ва Тошкентда имзоланган.

«Оҳангаронцемент» акциадорлик жамияти Тошкент вилоятида жойлашган бўлиб, у Ўзбекистонда қуввати бўйича иккинчи йирик цемент заводи ҳисобланади. Корхона йилига 1,9 млн тонна маҳсулот ишлаб чиқаради. Унинг 75 фоиз акциясини сотиб олган «Евроцемент групп» Россия, Украина ва Ўзбекистонда 19 та цемент заводига эга ва холдинг корхоналари йилига 60 млн тонна цемент ва 11 млн кубометр бетон ишлаб чиқаради.

Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2018 йил январь-август ичида республика цемент импортини 7,4 бараварга оширган. Ўтган йил саккиз ойига таққослаганда бу йили Ўзбекистонда портландцемент ишлаб чиқариш 400 минг тоннага камайган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги