15:00 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Европа инвестиция банки Ўзбекистонга 200 млн евро миқдорида иккита займ тақдим этди

18.10.2018 09:39 msk

Фарғона

ЕИБ биноси. Europa.eu сайти фотоси
Европа инвестиция банки (ЕИБ) Ўзбекистонга 200 млн евро миқдорида иккита займ ажратиб берилишини маъқуллади.

100 млн евро миқдоридаги биринчи займ сув таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилади. Бу Ўзбекистонга ўзидаги сув ресурслари етишмовчилиги муаммосини ҳал қилишга ёрдам беради, негаки республикада фойдаланилаётган сувнинг 80 фоизи қўшни мамлакатлардан оқиб киради.

Худди шу миқдордаги иккинчи 100 миллионлик займ кредит линияси бўйича тақдим этилади ҳамда кичик ва ўрта корхоналарнинг ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг энергия самарадорлиги соҳасидаги инвестициялар учун фойдаланилади. Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши Ўзбекистонга 2030 йилга келиб мамлакатнинг энергия сиғими даражасини 50 фоизга тушириш мақсадига етишига кўмак беради.

Марказий Осиёдаги лойиҳаларга кураторлик қилаётган ЕИБ вице-президенти Вазил Худак билдиришича, займ тўғрисидаги биринчи шартномалар молиявий ташкилотнинг Ўзбекистонда операцияларини бошлаганидан бир йил ўтиб имзоланди. Унга кўра, молиявий маблағларнинг тақдим этилиши шу мамлакат иқтисодиётига кўмак беради ҳамда иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатади.

ЕИБ маблағлари ҳисобига молиялаштирилаётган иккала лойиҳа Жаҳон банки билан биргаликда ишлаб чиқарилмоқда. Европа комиссияси томонидан бошқарилаётган Марказий Осиё мамлакатлари учун инвестициявий фонд бу лойиҳаларга техник кўмак кўрсатиши тахмин қилинмоқда.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги