15:30 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда ишчиларни хорижга жўнатиш бўйича хусусий агентликлар тўғрисидаги қонун кучга кирди

18.10.2018 09:38 msk

Фарғона

Ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари. Ryazan.bezformata.ru сайти фотоси
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни ишчиларни хорижга жўнатиш ҳамда чет эллик потенциал иш берувчиларни қидириш билан шуғулланувчи нодавлат ташкилотларининг фаолиятини тартибга солувчи “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида” қонунини имзолади. Ҳужжат матни “Халқ сўзи” газетасида чоп этилган.

Қонунда кўрсатилишича, хусусий бандлик агентликларини нафақат юридик шахслар, балки жисмоний шахслар ҳам ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклда очишлари мумкин. Компания штатида камида икки ходим ишлаши, улардан бири олий маълумотга эга раҳбар бўлиши лозим. Ташкилот тўртта йўналиш бўйича фаолият юритиш ҳуқуқига эга: Ўзбекистонда иш қидираётган шахсларга иш топиб бериш, иш берувчилар учун ишчи-ходимларни танлаш, Ўзбекистон фуқароларини хорижда ишга жойлаш ҳамда маслаҳат ва ахборот хизматларини тақдим этиш. Маслаҳат кўрсатилган нархлар бўйича ёки бепул берилиши мумкин.

Чет элда иш қидириб хусусий бандлик агенлигига мурожаат қилган ўзбекистонликлар шартнома тузишлари керак бўлади. ХБАлар мижозларга хизматлар комплексини тақдим этадилар: потенциал хорижлик иш берувчини топиш; хорижга жўнаётган фуқароларни тайёрлаш; уларни бошқа мамлакатда бўлиш, иш шароити ва турар-жой билан таъминланиш қоидаларидан хабардор қилиш; меҳнат шартномаларини ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштиришда ёрдам бериш ва ҳоказо.

Агентлик ва мижоз ўртасида тузилажак шартномада хизмат кўрсатиш муддатлари, хизмат нархи, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шартномани бекор қилиш шартлари кўрсатилиши зарур. ХБА агар шартнома шартларини бажармаса ёки керакли тарзда бажармаса, мижозга пулни қайтариб беришга мажбур бўлади (пулни қайтариш тартиби шартномада кўрсатиб ўтилади).

Қонунда ХБАлар Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги хорижда меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қўллаш ва муҳофаза қилиш жамғармасига 50 минг АҚШ доллари қўйишни шарт қилувчи низом мустаҳкамлаб қўйилган.

Юртдошларини хорижда ишга жойлаштириш билан шуғулланишни режалаштираётган хусусий компанияларга лицензия бериш тартиби Ўзбекистон ҳукумати томонидан жорий йилнинг сентябрида тасдиқланган. Кейинроқ “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонун республика Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланган. Шу чоққача меҳнат мигрантларини хорижга жўнатиш билан фақат Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги шуғалланиб келган, фуқаролар кўп ҳолларда бу агентликнинг фаолиятидан норози эдилар.

Ўзбекистонликларни хорижга жўнатиш ҳуқуқини хусусий агентликларга бериш ташаббусини меҳнат ва миграция қонунчилиги соҳасидаги кўпчилик экспертлар маъқулладилар. Бу ҳақда батафсил “Фарғона” сайтида чоп этилган “Ўзбекистондан меҳнат мигрантларини хорижга жўнатиш билан бизнес шуғулланадиган бўлди” материалида батафсил танишиш мумкин.

Сўнгги йилларда ўзбекистонликлар оммавий равишда бошқа мамлакатларга ишлагани кетмоқдалар ва кўпчилик Россияни танлаяпти. Республика Меҳнат вазирлиги раҳбари Шерзод Қудбиев маълумотига кўра, 2018 йил бошидан бери Россия Федерациясига бир миллионга яқин ўзбекистонлик кетган. Жорий йилнинг биринчи ярмида бор-йўғи 513 киши Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги орқали кетган, йилнинг охиригача 50 минг кишини жўнатишга умид қилишяпти.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги