14:56 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистоннинг учта ҳудудида ўртачадан юқори маош миқдори қайд этилган

17.10.2018 15:41 msk

Фарғона

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2018 йил январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон Республикасида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 1 684,5 минг сўмни ($205) (иш ҳақига устама, мукофот, рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар, компенсация ва ишланмаган вақт учун ҳақ каби тўловлар киритилган, шунингдек унинг таркибида жисмоний шахслар даромад солиғи, ижтимоий суғурта ва касаба уюшмасига тўловлар ҳам мавжуд) ташкил этиб, 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 22,9 % га ўсишни таъминлаган. Лекин бу даража Тошкент шаҳри, Тошкент ва Навоий вилоятларидагина кузатилган.


Аҳоли даромади ва Ўзбекистон ҳудудларига нисбатан унинг реал ўсиш суръати. Давтлат статистика қўмитаси диаграммаси

Энг катта иш ҳақи республика пойтахтида аниқланган — бу ерда одамлар ўртача 2,363 млн сўм ($288) миқдорида маош оладилар. Навоий вилоятида иш ҳақи ўртача 2,214 млн сўм ($270), Тошкент вилоятида – 1,886 млн сўмни ($230) ташкил этган. Энг кам иш ҳақи – Самарқанд ва Наманган вилоятида кузатилган: 1,343 млн сўм ($163) ва 1,311 млн сўмдан ($160) иборат бўлган.

Ўзбекистонда 59 мингта корхона ва ташкилот фаолият юритади ва у ерда 2,6 млн одам ишлайди. Маориф тизимида ишлаётган одамлар кўпчиликни ташкил этади. Бу соҳада 998 минг одам меҳнат қилади. Ўтган йилга қараганда 2018 йил январь ойидан сентябрга қадар бу соҳада педагоглар маошлари 17,1 фоизга ортган ва 1,275 млн сўмни ($155) ташкил этган. Шу билан бирга пойтахт муаллимлари маоши – 1,580 млн сўм бўлиб ($193), республикадаги ўртача иш ҳақи миқдоридан паст ҳисобланади.

Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳаларида 430 минг нафар инсон иш фаолияти юритади. Бу ерда ўртача ойлик йиллик ҳисобда 17,7 фоизга ортиб, 1,085 млн сўмни ($132) ташкил этган.

603 та саноат корхоналарида 457 минг нафар одам меҳнат қилади. Жорий йилнинг икки квартали ҳисобига кўра, бу соҳада иш ҳақи 2,550 млн сўм ($311) бўлган ва бу кўрсатгич ўтган йилга нисбатан 28,6% кўпдир. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, молия ва суғурта хизмати билан боғлиқ ташкилотларда ойлик баланд бўлиб – 3,213 млн сўмни ($392) ташкил этади.

Статистика қўмитаси, шунингдек, ўзбекистонликлар даромади бўйича ҳам маълумотлар келтирган. 2018 йил январь-сентябрь ойларида аҳолининг умумий даромади 173 трлн сўмни ($21 млрд) ташкил этган ёки битта одамга ўртача 5,3 млн сўмдан ($646) тўғри келган .

Ҳудудларга бўлинганда ўртача номинал умумий даромад Тошкент шаҳрида 11,728 млн сўм ($1430), Навоийда 7,999 млн сўм ($975), Бухорода 6,158 млн сўм ($750), Тошкент вилоятида 5,655 млн сўм ($690) ва Хоразмда 5,320 млн сўмни ($648) ташкил этган. Энг паст кўрсатгич Наманганда қайд этилган - 3,827 млн сўм ($466).

Ўзбекистон аҳолисининг асосий даромади меҳнат фаолиятига боғлиқ бўлган ва бу умумий даромаднинг 65 фоизини ташкил этади. Ундан кейин трансфертлар (пенсия, стипендия, турли ижтимоий тўловлар, шунингдек хориждан пул ўтказмалари) бўлиб, у умумий даромаднинг 28,6% иборат.

2018 йилнинг биринчи ярим йилида Ўзбекистонда ўртача номинал ҳисобланган иш ҳақи 1609,1 минг сўмни ($216) ташкил этган. Жорий йилнинг биринчи ярим йилидаги аҳолининг умумий даромади 109,2 трлн сўмдан ($13,3 млрд) иборат бўлди ва у одам бошига 3,3 млн сўмдан ($402) тўғри келади.

Октябрь ойида президент Шавкат Мирзиёев “Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги фармонини имзолади.

Унга кўра, иш ҳақи — ойига 202 730 сўм ($25, ҳозирги миқдори — 184.300 сўм), ёшга доир пенсиялар — ойига 396 500 сўм ($48,5 га яқин, ҳозирги миқдори — 360.460 сўм), болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа — ойига 396 500 сўм, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 243 300 сўм ($30, ҳозирда — 221.190 сўм) миқдорида белгиланади. Шу билан бирга талабаларнинг котракт тўловлари, ўртача иш ҳақи билан боғлиқ жарима ва бошқа тўловлар миқдори ортади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги