15:11 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Самарқанд вилоятида шамол туфайли бинонинг том қисми қулаши оқибатида бир киши ҳалок бўлган

17.10.2018 12:05 msk

Фарғона

2018 йил 15 октябрь куни соат 12:00 лар атрофида Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани ҳудудида кузатилган кучли шамол натижасида Каттақўрғон тумани ҳокимияти биносининг том қисми пастга қулади, деб хабар беради «Зарафшон» газетаси.


Шамолдан шикастланган ҳокимият биноси томи. Zarnews.uz сайти фотоси

Маълумотларга кўра, бунинг натижасида ҳокимият ҳовлисида бўлган тумандаги “Тарнов” маҳалласи Тарнов қишлоғида яшовчи 1958 йилда туғилган фуқаро Мардон Қодиров ҳалок бўлди.

“Бургансой” маҳалласи Мавлон қишлоғида яшовчи 1988 йилда туғилган фуқаро Шаҳобиддин Файзиев турли даражадаги тан жароҳати олиб, туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Кейинги йиллар Ўзбекистонда бўрон ва қаттиқ шамоллар эсиши тез-тез содир бўлмоқда. 2015 йили Қорақалпоғистонда қаттиқ шамол уйларнинг томларини яксон қилган. 2016 йили Хоразмнинг Хонқа туманида бўрон оқибатида уйларнинг томлари шикастланган. 2018 йил июнда Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларининг айрим ҳудудларида тузли бўрон юз берди. Июнь ойида Самарқандда қумли шамол эсиб, айрим ҳудудларда у улкан дарахтлар ва электр тармоқларига уланган столбаларни қулатиб юборди. Куни-кеча эса Тошкентда чангли шамол эсиб, кетидан ислос ёмғир ёғди.

Минтақада бўрон ва кучли шамолларнинг тез-тез содир бўлиши Орол денгизининг қуриб бораётгани ва мамлакатда кўкаламзор ерларнинг камайиб кетиши билан изоҳланмоқда.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги