14:57 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Мирзиёев Россия билан АЭС қурилиши тўғрисидаги битимни тасдиқлади

16.10.2018 12:00 msk

Фарғона

Шавкат Мирзиёевнинг Россия иқтисодиёт вазири Максим Орешкин билан учрашуви. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотоси
Президент Шавкат Мирзиёев 13 октябрдаги қарори билан Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари ўртасида Ўзбекистон ҳудудида атом электр станцияси қурилишида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги битимни тасдиқлади . Бу ҳақда «Газета.uz"га ҳукуматдаги ахборот манбаси хабар қилади.

Ҳужжат 7 сентябрь куни Москвада Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 19-йиғилишида икки мамлакат бош вазирлари томонидан имзоланган эди. Мирзиёев Россия иқтисодиёт вазири Максим Орешкин билан учрашганидан сўнг ушбу ҳужжатни тасдиқлади. Маълумки, Орешкин Ўзбекистон-Россия иқтисодий ҳамкорлиги бўйича ҳукуматлараро комиссия раисининг ўринбосари ҳам ҳисобланади.

Сўнгги йилда икки мамлакатнинг 80 дан ортиқ юқори даражадаги делегацияларининг ўзаро ташрифлари бўлиб ўтди. Бугунга келиб Ўзбекистондаги вилоят ҳокимликлари Россиянинг 28 дан ортиқ субъектлари билан иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган, мамлакатлар ўртасидаги савдо айланмаси 20 фоизга ортган, деб хабар беради Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Битим Россия лойиҳаси бўйича таркибида сув энергетикаси реактори асосида ҳар бир энергоблок қуввати 1,2 ГВтгача бўлган иккита энергоблокли АЭСни лойиҳалаштириш ва қуриш бўйича ҳамкорликни кўзда тутади.

Ўзбекистон ҳукумати 2018 йил апрелда Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси барпо этилганидан сўнг Марказий Осиёда биринчи АЭС қуриш режасини маълум қилди. Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси томонидан қуриладиган мазкур АЭС қурилиши атом энергиясидан тинчлик мақсадида фойдаланиш ҳукуматлараро шартномада акс этган ва жорий йилнинг 1 апрелидан мазкур шартнома кучга кирди.

Ўзбекистондаги биринчи Атом электр станцияси Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида жойлашган Тўдакўл кўли яқинида бунёд этилади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги