14:58 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкент четидаги “Президент трассаси” бўйлаб бузилган уй эгаларини бошпанасиз ва компенсациясиз қолдирдилар

16.10.2018 11:54 msk

Фарғона

Байтқўрғонда уй бузилиши. Ozodlik.org сайти фотоси
Тошкент вилояти Қибрай туманидаги Байтқўрғон қишлоғида Ўзбекистон президенти учун янги қурилган резиденцияга элтадиган йўл кенгайтирилаëтгани боис юздан зиëд уй бузилган ва яна ўнлаб хонадон эгалари уйи бузилиши ҳақида ҳокимликдан огоҳлантириш хатини олган. Шу билан бирга, бузилган уй эгаларига ҳеч қандай компенсация берилмаган, дея хабар беради “Озодлик”.

Исми айтилишини истамаган 35 яшар байтқўрғонлик тадбиркор йигит Озодликка ўзининг ҳокимликка тегишли экскаватор бузаëтган уйининг фотосуратларини юборди. Суҳбатдошга кўра, уйни бузиш учун келган Қибрай ҳокими Мирқосимов Мирағзам ака бошпана беришга ваъда бериб кетиб қолди. “Энди бўлса на пулимиз бор, на уйимиз бор, на уй қарори бор! Бизга ëрдам беринглар. Ҳокимликка борсам сизга уй йўқ¸ танишларингизникида яшаб туринг, деди”, деб айтмоқда тадбиркор.

Ўзини "Қибрай ҳокими Мирағзам Мирқосимовнинг қурилиш ишлари бўйича ëрдамчисиман", деб таништирган мулозим “Президент трассаси кенгайтирилаëтгани боис баъзи иморатлар бузилаëтганлигини” билдирди. Мулозимга кўра¸ “Давлат аҳамиятидаги бу йўлни қуришга барча ресурслар жалб қилинган”. “Уйи бузилганлар вақтинча санатория биносига ва яқинларининг уйларига жойлаштирилган. Улар максимум йил охирига қадар янги уйларга кўчиб ўтишади ëки товон пули олишади”, - деди у.

Байтқўрғондаги "президент трассаси", деб атала бошлаган йўл яна кенгайтирилгани боис уйсиз қолган ва ўзини Саодат опа туманда икки тоифа уйи бузилганлар борлигини айтди:

- Август ойида президент резиденцияси қурилган пайтда уйи бузилганлар бор. Буларга биринчи навбатда эътибор бериляпти. Менинг уйимни ўтган ҳафта бузишди. Ҳокимга борсам, "опа олдин мана буларни тинчитиб, уйли қилайлик, кейин сизга гал келади" деб овутишди. Кунлар совуди¸ мен кўч-кўроним билан қайга бораман энди?!

“Озодлик”Қибрай туманидаги манба билан суҳбати давомида мулозимлар томонидан алдов ҳаракатлари содир этилгани маълум бўлди. “Маҳалламиздан икки оиланинг уйи резиденция ҳудудига тушиб бузилувди. Уларга Янгибозорга яқин жойдан уй берилди. Мана уй берамиз сизларга деб Қибрайнинг аввалги ҳокими Мухаммедов Ниғмат ака бир-иккита қоғозга қўл қўйдириб олувди. Бугун билсак бу ипотека шартномаси экан. Кредитга берилган бўлиб чиқди бу уй. Ҳукумат ноинсофлик қилди, - дейди манба.

Қибрай туман ҳокимлиги мулозими Озодлик билан суҳбатда бу масалага ойдинлик киритишга уринди. Унга кўра¸ бузилган уй учун берилган товон пули билан янги уй нархи орасидаги тафовут имтиëзли ипотека кредити сифатида расмийлаштирилган ва бу ҳам катта сумма эмас.

Ҳокимлик мулозими билдиришича, уйи бузилган одамлар пайтдан фойдаланиб ҳукуматдан кўпроқ ундириш пайида бўлаëтганидан нолиди. Унга кўра, битта эски уйга ўнта қариндошини прописка қилишган. Турмушга чиқиб кетган қизлари ҳам ота уйида пропискада қолиб кетган. Энди келиб ҳар биттасига уй берасан деб сўраб ëтишибди. Шу боис, бузилган бир уй эвазига бир уй берамиз деган вариантда тўхтадик.

Қайд этамиз, 2018 йил 12 октябрдан бошлаб Ўзбекистонда Уй-жой кодексига тузатишлар киритилиб, Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби ўзгартирилди. Янги қоидага кўра, Уй-жой кодексининг 27, 28-моддаларида назарда тутилган компенсациялаш усуллари фақат уйлар (квартиралар) мулкдорларига нисбатан қўлланиладиган бўлди.

Эслатиб ўтамиз, мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг 60 ёшга кирган 2017 йил 24 июль куни Чирчиқ дарёси бўйидаги Байтқўрғон қишлоғида қурилган янги қароргоҳига кўчиб ўтган.

Қибрай туманида президент трассасини кенгайтириш ишлари давом этади ва шу муносабат билан яна 200 дан зиëд оилага келаси икки ой ичида уй бузилиши ҳақида огоҳлантириш хати берилган”

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги