16:28 msk, 20 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда туристлар учун “тунги вақт ҳудудлари” ташкил этилади

12.10.2018 11:29 msk

Фарғона

Podrobno.uz сайти фотоси
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев имзолаган янги фармонда, жумладан сайёҳлар ташриф буюрадиган жойларда савдо-кўнгилочар ва умумий овқатланиш объектлари фаолиятини тунги вақтда чеклашга йўл қўйилмайдиган зоналарни ташкил этиш борасида сўз боради.

Мазкур зоналарда сайёҳлар учун дам олишни ташкил этиш дастурларини тасдиқлаган ҳолда Нукус шаҳри, вилоятлар марказлари ва сайёҳлар ташриф буюрадиган бошқа жойларда савдо-кўнгилочар ва умумий овқатланиш объектлари фаолиятини тунги вақтда чеклашга йўл қўйилмайдиган зоналар аниқланади. Мазкур ҳудудларда Ички ишлар органлари ва Миллий гвардиянинг жамоат тартибини сақлаш кучлари уч сменали режимдаги патрул хизматини таъминлайди.

Бундай тадбирлар президентнинг “Давлат мулки объектларини ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотиш тартибини соддалаштириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги фармонидан ўрин олган. Унга кўра, ҳокимлар бўш ётган ер участкалари ва давлат мулк объектларини аукционсиз, тўғридан-тўғри музокаралар орқали инвесторларга бериш ҳуқуқларига эга бўладилар.

Ҳозирда Ўзбекистонда ресторан ва бошқа кўнгилочар объектлари ўз фаолиятини тунги 23.00 да якунлайди. Лекин уларнинг тунда фаолият юритишини тақиқлайдиган қонуний асослар мавжуд эмас. Подробно.Uz, ёзишича, соат 20.00 да официантлар чек ёзадилар, соат 22.45 да менежерлар қўриқчилар билан мижозлар ўтирган столларга бориб, меҳмонларга хизмат кўрсатиш вақти тугаётгани ва уларнинг бу ерни тарк этишлари кераклигини одоб билан тушунтирадилар.

Бундай анъана Ислом Каримов президентлик қилган йиллари пайдо бўлган ва у хавфсизлик эҳтиёт чораси сифатида изоҳланган. Кафе ва ресторанларда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари тез-тез рейдлар уюштириб турганлар. Фақат анча обрўли шахслар, жумладан Каримов қизларига тегишли ресторанлар бундан мустасно бўлган.

Давлат туризмни ривожлантириш қўмитасининг раҳбари Азиз Абдуҳакимов йил бошида tourist friendly сертификатини олган кафе ва ресторанлар тунлари ҳам ишлаш имкониятига эга бўлишини ваъда қилганди.

Август ойи сўнггида соат 21.00 дан сўнг алкогол ичимликлари сотуви ва соат 23.00 дан сўнг кўнгилочар масканлар фаолиятини тақиқловчи ҳукумат қонун лойиҳаси пайдо бўлди. Унда бу чекловлардан tourist friendly сертификатига эга меҳмонхона, сайёҳлик ҳудудлари ва кластерлар истисно сифатида кўрсатилганди. Сентябрда ушбу қонун лойиҳаси муҳокамаси тугади. Одамлар уни “доимий аснода комендантлик соатининг жорий этилишидир”, дея шарҳлаганлар.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги