16:20 msk, 20 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Бухоролик солиқчилар пахта теримида иштирок этмаган тадбиркорларнинг бошига муаммолар солиш билан таҳдид қилдилар

12.10.2018 09:16 msk

Фарғона

Ўзбекистонда пахта терими. Ozodlik.org сайти фотоси
Бухорода солиқ идораси ходимлари дўкондорларни пахта теримига чиқишга ёки бўлмаса ўзининг ўрнига ҳашарчи ёллашга мажбурламоқда. Акс ҳолда, солиқчилар тадбиркорланинг бошига “йирик муаммоларни” солиш билан таҳдид қилишмоқда, дея хабар беради Turon24.uz.

Бухоро шаҳридаги Абу Али ибн Сино кўчасида жойлашган савдо дўконлари эгалари уларга ўзларини солиқ идораси ходимлари деб таништирган одамлар мурожаат қилганини тасдиқладилар. "Ўзини солиқ идорасиданман деб таништирган киши, аввалига, дўкон ҳужжатлари ўрнидами-йўқлигини сўради", дейди якка тартибдаги тадбиркор Замира Турдиева. "Текшириб кўрган бўлди. Кейин муддаога ўтди. Айтишича, пахтага чиқишимиз ёки ўрнимизга ҳашарчи ёллашимиз керак экан. Ҳашарчи текинга ишламаса... Мен шундай дея пахта теримига одам чиқаролмаслигимни айтдим. Куни кеча савдо дўконим ҳужжатлари юзасидан Бухоро шаҳар солиқ инспекциясига борганимда: “Ҳашарга икки-учта одамингни келтир, кейин ишингни ҳал қилиб берамиз" дейишди.

Бухоро шаҳар давлат солиқ инспекцияси бошлиғи биринчи ўринбосари Фурқат Бобомуродов инспекция ходимлари томонидан тадбиркорларни теримга мажбурлаш ҳолатлари содир этилгани ҳақидаги шикоятга муносабатини билдирди:

"Тўғри, баъзи ходимларимиз билан шундай ҳолат юз берган бўлиши мумкин. Бу бизга қоронғи. Яна бир томони, айрим тадбиркорлар солиқ хизмати тарғибот-ташвиқотларини нотўғри талқин қилиб ёки тушунмай, мажбурий меҳнатга жалб қилиш, деб баҳолаяптилар". Нега энди айнан солиқчилар пахтага кўнгиллиларни қидириш билан шуғулланаётганини, бунга уларга ким буйруқ бергани ҳақида аниқлик киритилмаган.

Ўзбекистонда пахта теримига ҳатто ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ҳам жалб этилмоқда. “Озодлик” таҳририятига хорижий давлатларнинг Тошкентдаги дипломатик ваколатхоналари ва консулхоналарини қўриқлаш бўйича милиция батальони хизматчиларидан шикоят аризаси келиб тушган. Мактубда айтилишича, батальон мажбуран Тошкент вилоятига пахта теримига жўнатилган. Улар ўз чўнтагидан овқатланмоқдалар ва оғир шароитларда яшамоқдалар. Мактубда айтилишича, улар бетон полга тўшалган матрацларда ётишга мажбур бўлишмоқда.

Шикоятчилардан бирига кўра, милиционерларнинг пахта теримига қатнашиш тўғрисидаги буйруқ шахсан ички ишлар вазири томонидан берилган. Пахта кампанияси бошланишида далаларга 250 киши жўнатилди, 10 октябрда 50 нафар қўшимча ходим бошқа туманга жўнатилди. Пахта теримига яна 100 нафар ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари чиқишга тайёрланмоқда. Шу билан бирга, офицерлар истаган пайтда уйларига бориб келишлари мумкин, бироқ оддий хизматчилар бунинг учун 200 минг сўм тўлашлари керак. “Йўлкираси билан уйга бориб келишимиз 300 минг сўмга тушяпти”, - дейди радио суҳбатдоши.

Маҳаллий фермерлар Чиноз тумани далаларида деҳқонлар билан биргаликда ички ишлар ва мудофаа вазирликлари ходимлари меҳнат қилаётганини тасдиқладилар. Олдинроқ Ўзбекистон ИИВ академиясининг курсантлари мажбурий меҳнатга жалб қилинаётганлари ҳақида шикоят қилгандилар. Курсантларга бир кунда 100 килограммдан пахта териш вазифаси қўйилган. Нормани бажармаганларни Ички ишлар вазири номига тушунтириш хати ёзишга мажбурланмоқда.

Республика ҳукумати бу йил пахта далаларида мажбурий меҳнатни тугатишга ваъда қилган ва аҳолини пахта теримида иштирок этишини рағбатлантириш учун моддий жиҳатдан қизиқтирмоқда. Шунга қарамай, жорий пахта кампанияси мобайнида ҳам инсон ҳуқуқларининг бузилишлари қайд этилди. Андижон вилоятида маҳаллий ҳокимият органлари коммунал-хўжалик ва “Ўзбектелеком” ходимларини пахта теришга мажбурладилар, Фарғона вилоятида эса матасаддилар мева-сабзавотчиликка ихтисослашган фермерларни пахта теримига жалб қилдилар. Жиззах вилоятида юздан зиёд маданият ходимлари “оқ олтин” теришга мажбур қилинди.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига 10 сенябрдан бери мажбурий меҳнатга оид 800 дан зиёд мурожаатномалар келиб тушди, 77 ҳолатда мутасаддилар жавобгарликка тортилдилар.

Вазирлик Тошкент, Жиззах вилоятларида ва Қорақалпоғистонда қатор қонунбузарликларни қайд этган мустақил ҳуқуқ ҳимоячиларнинг хабарларини эътиборга ола бошлади. Мисол учун, пахта даларидаги ишларга балоғатга етмаган болалар, ҳомиладор аёллар, тиббиёт ходимлари ва чақирувдаги ёшларни жалб этилгани аниқланган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги