16:22 msk, 20 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Ўзбектелеком» шаҳарлараро алоқага ягона тариф ўрнатиб, алоқа хизмати нархини пасайтирди

11.10.2018 16:57 msk

Фарғона

Darakchi.uz сайти фотоси
Ўзбекистонда энг йирик телекоммуникация оператори “Ўзбектелеком” акционерлик компанияси шаҳарлараро алоқа учун ягона тарифлаш тизими йўлга қўйилганини эълон қилди. Шу билан бирга хизмат кўрсатиш нархи пасайтирилди: энди Ўзбекистон бўйича қўнғироқлар нархи дақиқасига 12 сўмни ($0,0015) ташкил этади, дея хабар беради компания матбуот хизмати. Илгари шаҳарлараро қўнғироқларнинг бир дақиқа учун нархи шаҳарлар орасидаги масофага боғлиқ ҳолда 40 сўмдан 90 сўмгача бўлган.

Август охирида Ўзбекистонда етти рақамлидан тўққиз рақамли тизимга ўтиши муносабати билан шаҳарлараро алоқа телекоммуникация хизмати кўриниши сифатида йўқолиши эълон қилинганди. Абонентлар шаҳар ичи ва мамлакатнинг бошқа манзилларига бир хил нарх тўлаб телефон қилишлари эълон қилинганди. Рақам териш қоидасида асосий ўзгариш шу бўлдики, эндиликда вилоят ёки уяли алоқа оператори коди билан теришлари керак бўлади.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигида маълум қилишича, етти рақамлидан тўққиз рақамли тизимга ўтиш 10 сентябрда бошланган. Октябрь охиригача Тошкент ва Тошкент вилоятида, йил охиригача бошқа вилоятларда ишлар ниҳоясига етиши режалаштирилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги