23:06 msk, 14 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Эмингрант-ҳуқуқ посбонлари Мирзиёевни Иноятовдан қўрқмасликка чақирдилар

11.10.2018 15:18 msk

Фарғона

Францияда истиқомат қилаётган ва «Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари» ташкилотининг асосчиси Надежда Атаева Мирзиёевни ҳозирда президент маслаҳатчиси вазифасида ишлаётган Рустам Иноятовдан «қўрқмасликка» чақирди. Бу ҳақда Парижда митинг уюштирган ташкилотчиларнинг «Фарғона»га тақдим этган пресс-релизида сўз боради.

Атаева Иноятов Миллий хавфсизлик хизматининг раиси сифатида жавобгарликка тортилмас экан, Ўзбекистондаги сиёсий вазиятни «илиқлаган» деб бўлмаслиги айтади. «Иноятовнинг иккита ўринбосари жиноий жавобгарликка тортилган бир пайтда у Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси вазифасида ишлаб юрибди», — дейди ҳуқуқ посбони. Атаева қўшимча қилади: «Бугун Мирзиёевга «Иноятовдан қўрқманг» дейиш вақт келди».

Иноятов МХХни 1995 йилдан 2018 йилгача бошқарди. У Ўзбекистондаги энг қудратли одамлардан бири саналган.


Рустам Иноятов ниқобидаги пикет иштирокчиси. «Фарғона» фотоси

Атаева Гулнора Каримованинг тақдири жамоатчиликка сирлилигича қолаётганига тўхталиб ўтади. Расмий маълумотларга кўра, у беш йил озодлик чекланиши жазосини ўтамоқда. Унинг СИЗОда экани, лекин айнан қайси қамоқхонада сақланаётгани тўғрисида фақат миш-мишларга таяниш мумкин. «Гулнора Каримовага нисбатан қўзғатилган ишлар ошкора эмас. Биз Ўзбекистонда процессуал қоидаларга риоя қилинишини талаб қиламиз», — дейди Атаева.

Ҳуқуқ посбони фикрига кўра, Ўзбекистон 2001 йили имзолаган Халқаро жиноий суднинг Рим статутини ратификация қилиши лозим. Бу ҳужжат мамлакат президенти ва ҳуқуқ муҳофазаси органлари раҳбарларининг инсониятга қарши жиноят содир этганлик, геноцид ва бошқа ҳарбий жиноятлар учун жавобгар бўлишини назарда тутади.


Париждаги пикет. «Фарғона» фотоси

Шунингдек, Атаева Ўзбекистон ҳукумати 2005 йилдаги Андижон воқеаларига дахлдор 58 нафар қамоқдан озод этилган шахсларни реабилитация қилиниши керак, деб ҳисоблайди. “Улар қандай “жиноятчи” бўлган бўлсалар, шундайлигича, жазо муддатини ўтаган жиноятчи бўлиб қолмоқдалар. Ахир, улар гуманизм мақсадида озод этилганлар», — дейди ҳуқуқ посбони. Атаева уларнинг ўз эътиқоди учун жазоланганини ҳукумат тан олиши керак, деб ҳисоблайди.


Пикет ташкилотчилари Надежда Атаева ва рассом Сергей Игнатьев. «Фарғона» фотоси

Бундан ташқари Атаева сиёсий эмигрантларнинг ҳуқуқлари бузилаётганига урғу беради. «Ўзбекистондаги фуқаровий жамият «хориждаги» ва ичкарида яшаётган одамларга бўлиниб қолган. Бизлар Ўзбекистонда кечаётган жараёнларда иштирок этолмаймиз, мамлакатнинг босма ва электрон ОАВлари, ўзбек телевидениеси бизларни четлаб ўтади, бизларни мамлакатда яшаётган жамоатчилик эшитмайди», — деди у. Атаеванинг сўзларига кўра, сиёсий эмигрантлар Ўзбекистон элчихонасига ташриф буюра олмайдилар, уларнинг ватандаги мулклари мусодара қилиняпти. Мамлакат ичкарисида яшаётган фаоллар эса ҳукуматни танқид қилишдан чўчийдилар.

Париждаги ўзбек фаоллари митинги 9 октябрь куни бўлиб ўтди ва бу намойиш Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифи муносаби билан уюштирилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги