23:19 msk, 14 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ислом Каримовнинг ўғли «Ўзбекистон ҳаво йўллари»ни судга берди

11.10.2018 10:17 msk

Фарғона

Петр Каримов 1997 йилда. Алишер Таксановнинг Facebook саҳифасидаги фотосурат
Москва шаҳар Тверь тумани судига П.И.Каримов номидан даъво аризаси келиб тушган. У “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авикомпаниясидан ўз ҳақини ундириб берилишини талаб қилмоқда. “Би-би-си” ўзбек хизмати маълумотига кўра, даъво аризаси Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг биринчи хотинидан туғилган ўғли Петр Каримов томонидан берилган.

Нашр таъкидлашича, Петр Каримов бир неча йил давомида "Ўзбекистон ҳаво йўллари"да юқори лавозимни эгаллаб келган, аммо 2016 йил 2 сентябрида отаси Ислом Каримовнинг вафотидан сўнг, ишдан бўшатилган. Петр Каримовнинг даъво қилишича, ўзбек ҳаво йўллари бундай вақтда ходимга тўланиши керак бўлган компенсацияни тўламаган.

Эндиликда Петр Каримов меҳнат қонунчилигига мувофиқ, тўланмаган маошларни ундиришга умид қилмоқда. Даъво аризасини қанча пул ундириб берилиши талаб қилинаётгани ҳақида маълумот йўқ.

Тверь туман суди сайти маълумотига кўра, П. Каримовнинг аризаси август охирида рўйхатга олинган, ушбу иш бўйича янги суд мажлиси 24 октябрь куни ўтиши керак.

Қайд этамиз, Ислом Каримовнинг ўғли “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясида ишлаши ҳақида ОАВ олдин хабар бермаган. У Каримовнинг биринчи турмуш ўртоғи 2008 йилда вафот этган Наталья Кучма билан турмушидан 1966 йилда дунёга келган ягона фарзанд экани айтилади. Москва вилоятида истиқомат қилади. Бир мунча вақт олдин Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият банкининг шўъбаси бўлган “Азия-Инвест Банк” банкида бошқарув раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги