22:47 msk, 14 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистондаги музейлар мутахассислари Луврда малака оширадиган бўлдилар

11.10.2018 10:16 msk

Фарғона

Лувр Ўзбекистонга музей мутахассисларини тайёрлашга ёрдам беради. Бу 9 октябрь куни Ўзбекистон Маданият ва санъатини ривожлантириш фонди ва Лувр (Франция) музейи ўртасида имзоланган ўзаро ҳамфикрлик меморандумида кўзда тутилган, дея маълум қилади Фонд Facebook ижтимоий тармоғидаги ўзининг саҳифасида.

Ҳужжат мутахассислар алмашуви, илмий ва музей ходимларини тайёрлаш ҳамда музей ишининг илғор технологиялари бўйича таълимни кўзда тутади. “Газета.uz” маълумотига кўра, ўзбекистонлик мутахассислар Луврда музей экспонатларини асраш ва реставрацияси амалиётларини ўзлаштирадилар.


Лувр мутахассислари Ўзбекистондаги музей экспонатларини ўрганишмоқда. Маданият ва санъатни ривожлантириш фонди матбуот хизмати фотоси

Меморандумга мувофиқ, томонлар Бухородаги француз археологик экспедицияси қазишма ишларининг натижаларини биргаликда тарқатишга, санъат ва маданият тарихи, музейшунослик, реставрация ҳамда тарихий объектлар ва музейга оид қадрли буюмларни консервацияси соҳасида илмий изланишларда ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.

Келишувга кўра, 2021 йил кузида Луврда “Буюк Ипак йўлида тамаддунлар ва маданиятлар” номи остида кўргазма ўтказилади. У Ўзбекистон маданий меросига бағишланади.

Меморандум Фонд ижрочи директор Гаянэ Умерова ва Лувр музейи директори Жан-Люк Мартинес томонидан имзоланди. Маросим Ўзбекистон президентининг Францияга расмий ташрифи доирасида бўлиб ўтди.

Олдинроқ Ўзбекистонга Луврдан музейнинг Ислом санъати департаменти директори Яник Линц бошлиқ экспертлар гуруҳи келиб кетганди. Фарангистонлик мутахассислар бўлгуси кўргазма учун экспонатлар танлайдилар. Делегация ўндан зиёд музейларда, шу жумладан, Давлат тарих музейида, Давлат санъат музейида, “Афросиёб” Самарқанд тарихи музейида ва Бухоро давлат тарихий меъморчилик ва бадиий музей-қўриқхонасида бўлдилар.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги