16:20 msk, 20 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Темир йўлчилар бекор қилинган поезд қатнови учун зарарни қоплашдан бош тортганлар

09.10.2018 15:15 msk

Фарғона

Тошкент-Бухоро поезди. Traveluzb.com сайти фотоси
Бухоро-Тошкент поездига чипта олган йўловчилар шаҳар вокзалига келганларидан кейингина рейс бекор қилинганини биладилар. “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси йўловчиларга чипталарни кассаларга топширишни айтиб, пойтахтгача ўзлари етиб олишларини маслаҳат берганлар, шунингдек, поезд бекор қилиниши билан боғлиқ зарар қопланмаслигини маълум қилганлар. Бу ҳақда 8 октябрь куни мазкур поездга чипта олган, Sreda.uz сайтига асос солган Наталья Шулепина хабар беради.

Вокзал ходимлари поезд бекор қилиниши “техник сабабларга кўра поезднинг Тошкентдан чиқмагани” билан тушунтирганлар. Йўловчилардан бири ўтган йили қарши йўналишда мамлакат президенти поездда келаётгани сабаб шундай воқеа юз берганини эслайди.

Йўловчилар келтирилган зарарни компания томонидан қопланишига қизиқадилар. “Ҳеч қандай зарар қопланмайди. Чипталарни топширинг. Карточкага олганмисиз? Нақд пул билан чипта нархини қайтаролмаймиз. Пулларни қайтариб берамиз. Сиз командировкадамисиз? Пул ташкилотга қайтарилади. Автотранспортга пулингиз етмаяптими? Бир нави амаллайсиз энди”, деган вокзал ходимлари сўзларини келтиради Наталья Шулепина.

Унинг сўзларига кўра, вокзал олдида битта шаҳарлараро автобус турган. Ҳайдовчи ҳар битта ўринни 75 минг сўмдан сотиб, чипта бермаган. “Командировкадагилар нима қилсин, ҳисобот учун чипта керакку?”,- деган саволга ҳайдовчи “Бу бизнинг муаммо эмас”, — дея жавоб қайтарган.

Шундай қилиб, қулай вагонларда Тошкентга етиб олишни ният қилган йўловчилар пойтахтга автобусда борганлар. Ҳайдовчи йўловчиларни “Абу Саҳий” бозоригача элтиб қўйган. Анча гап-сўзлардан кейин у йўловчиларни метро бекатига олиб боришга розилик билдирган.

Тошкентга етиб келган Наталья Шулепина ниҳоят “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси билан боғланишга муваффақ бўлган. Компания ходими вазиятни шундай изоҳлаган: “Олтинчи ва еттинчи октябрда еттита поезд ечиб қолдирилди. Ҳавонинг бирданига совиб кетгани боис, вагонларни иситиш тизими ишламаган”, дея журналистга компания номидан узр келтирган. У “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси доимо йўловчиларга хизмат кўрсатиш маданияти ва сифатини оширишга уринаётгани, бир ойда икки миллион йўловчига хизмат кўрсатаётганини айтган. «Бир, иккита норози одам дея бутун ҳаракат чиппакка чиқарилмаслиги керак”, - деган ходим.

Бухоро-Тошкент поезди битта рейсда бир неча юзта одамга хизмат кўрсатишга мўлжаллангани ҳисобга олинса, “Ўзбекистон темир йўллари” компаниясининг “йўловчиларга хизмат кўрсатиш маданияти ва сифати” борасидаги ҳаракатига нисбатан норозилар сони 6 ва 7 октябрда “битта, иккита одам”га нисбатан кўпроқ бўлгани аниқ.

Бу каби муаммо “Ўзбек ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясида ҳам содир бўлган. Август ойида техник носозликлар туфайли авиакомпанияга тегишли самолёт Москвадан Тошкентга ўз вақтида парвоз қилолмайди. Йўловчиларнинг сўзларига кўра, компания ходимлари одамларга қўпол муомалада бўлган ва йўловчилар саволига жавоб бериш ўрнига, улардан аэропортни тарк этишни талаб қилганлар. Айрим одамларгагина меҳмонхонадан жой берилган. Оқибатда йўловчилар рейсни бир кундан ортиқ вақт давомида кутганлар ва уларга бир мартагина овқат берилган.

8 октябрда «Ўзбекистон темир йўллари» сайтида “техник-профилактик ишлар туфайли йўловчи поездлар жадвалига ўзгаришлар киритилган” деган ёзувлар пайдо бўлди. Хабарда аниқ бирорта рейс ҳақида маълумот берилмаган, фақат “саволлар юзасидан маҳаллий вокзал маъмуриятига мурожаат қилиш” тавсияси берилган.

«Ўзбекистон темир йўллари» — Ўзбекистондаги барча темир йўлларини бошқарадиган ягона компания бўлиб, унинг 100 фоиз акцияси давлатга тегишлидир. Жорий йилнинг июнь ойида компаниянинг даромади кескин ошгани ҳақида маълумот берилган. Агар 2017 йил январь ойидан мартга қадар компания 1 трлн сўмга ($127 млн) яқин даромад қилган бўлса, 2018 йилнинг уч ойи ичида бу кўрсатгич 2 трлн сўмни ($254 млн) ташкил этган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги