22:59 msk, 14 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда “қора рўйхатга” киритилган репатриантларни олти ярим йилга қамадилар

09.10.2018 09:34 msk

Фарғона

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди биноси Uznews.uz сайти фотоси
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди 8 октябрь куни “Жиҳодчилар” диний оқимига мансубликда айбданган ака-ука Шуҳрат ва Аброл Дўсмуҳаммедовларга ҳамда Жўрабой Сотиболдиевга нисбатан ҳукм ўқиди. Ака-укалар олти ярим йилга, учинчи фигурант – беш йилга озодликдан маҳрум этилган. Бу ҳақда “Фарғона” агентлигига Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг (ЎМҲҲТГ) раҳбари Сурат Икрамов маълум қилди.

Суд айбланувчиларни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-2 “Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш” ва 223 - “Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш” моддалари билан кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топди. ЎМҲҲТГ раҳбарига кўра, судланувчиларнинг айби исботланмади, суд процесси Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодекси ва халқаро ҳуқуқ меъёрларининг қўпол бузилишлари билан ўтди.

Маҳкумларнинг адвокатлари Тошкент шаҳар суди томонидан чиқарилган ҳукм устидан апелляция тартибида шикоят қилишмоқчи.

2012 йилда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан қўлга олинган ака-ука Дўсмуҳаммедовларнинг беш нафар дўстларидан бири – Шавкат Нурматов қийноқлар натижасида ҳалок бўлганидан сўнг 2013 йилда Ўзбекистонни тарк этиб, Туркияга кетишганди. Сатибалдиев ҳам худди улар каби қийноқлардан қўрқиб бир неча йил давомида яшириниб юрганди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилда экстремизмда гумонланган мусулмонлар номлари киритилган “қора рўйхат”ни қайта кўриб чиқилишини билдирган эди. Давлат раҳбари жиноят содир этмаган юртдошларни ватанга қайтишга чақириб, уларни махсус хизматлар томонидан таъқиб этилмаслигини ваъда қилганди.

Ака-ука Дўсмуҳаммедовлар Тошкентга қайтишдан олдин қариндошлари орқали ватанга қайтиш шартлари бўйича аниқлик киритиб олдилар. Тошкент шаҳар прокуратурасининг 16 - бўлим прокурори Жаҳонгир Исмоилов уларни ҳибсга олмасликка ваъда қилиб, тергов пайтида очиқда юришларини кафолатлаганди. 56 ёшли Аброл ва 53 ёшли Шуҳрат Дўсмуҳамедов 28 май куни Истанбулдан келгани заҳоти пойтахт аэропортида қўлга олиндилар, уларни ИИББга олиб кетишди. Ҳуқуқ ҳимоячилар тақдим этган маълумотга кўра, сўроқ пайтида уларга нисбатан қийноқлар қўлланган. Шундан сўнг маҳбусларни ИИВ Тергов изоляторига олиб ўтдилар ва кейин Тошкент вилоятининг Зангиотадаги турмасига жўнатдилар.

Расмий маълумотларга кўра, 2017 йилда “қора рўйхат”дан 18 минг кишининг номи ўчирилган. Шу билан бирга, Бош прокуратура ва Миллий хавфсизлик хизмати президент ортидан қидирувдаги юртдошларни қайтишга чақириб, уларга нисбатан жиноий таъқиб қўлламасликни ваъда қилгандилар.

Шунга қарамай, сўнгги пайтларда бир неча бор Ислом Каримов даврида диний ва сиёсий сабабларга кўра таъқиблардан қочиб мамлакатни тарк этган фуқароларнинг ваъдаларга ишониб ватанга қайтганларида, аэропортнинг ўзида ҳибсга олинганлари ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бу ҳақда батафсил “Фарғона” материалларида ўқишингиз мумкин.

. “Фарғона” халқаро ахборот агентлиги