22:49 msk, 14 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Манчестер Юнайтед»нинг собиқ ўйинчиси «Навбаҳор»ни бошқаради

08.10.2018 15:22 msk

Фарғона

Андрей Канчельскис. Footboom.com сайти фотоси
«Манчестер Юнайтед» инглиз клубининг собиқ ўйинчиси, Россия терма жамоаси аъзоси Андрей Канчельскис Наманганнинг «Навбаҳор» футбол клуби тренери этиб тайинланди, деб хабар беради клуб сайти.

Канчельскис 7 октябрь куни “Навбаҳор”нинг бош тренери сифатида расман таништирилган. У Илҳом Мўминжонов ўрнига келган.

Матбуот анжуманида Наманган вилоятида туғилган ва ҳозирда россиялик бизнесмен ҳисобланган Алишер Усмонов Канчельскиснинг тренер бўлиб сайланишига ҳеч қандай алоқаси йўқлиги таъкидланди. Лекин Наманган вилояти футбол ассоциациясининг вице-президенти Шамшод Сариқов Усмоновнинг спонсорлик қилишига умид билдиришини айтди.

49 ёшли мутахассисга россиялик Алексей Беленков кўмак беради. Клубнинг бошқа тренерлари ўз ўринларини сақлаб қолганлар.

8 октябрга кўра, «Навбаҳор» Ўзбекистон чемпионати рўйхатидан учинчи ўринни эгаллайди. У турнирда етакчилик қилаётган Тошкент «Локомотив»идан олти очко орқада.

Андрей Канчельскис собиқ совет ҳудудидаги илғор футболчилардан бири ҳисобланади. Ярим ҳимоячи украинларнинг «Звезда», «Динамо» ва «Шахтер» клубларида, инглизларнинг «Манчестер Юнайтед», «Эвертон», «Манчестер Сити» ва «Саутгемптон» клубларида тўп сурган. У, шунингдек, италияликларнинг «Фиорентина», шотландларнинг «Рейнджерс», русларнинг «Сатурн» ва «Крылья Советов» клублари ўйинларида иштирок этган.

«Манчестер Юнайтед» таркибида Канчельскис 123 та ўйинни ўтказган, уларда 47 та тўп киритган, икки марта Англия чемпиони бўлган. Машҳур футболчи мамлакат кубоги, Лигалар кубоги ва икки марта Англиянинг суперкубогини қўлга киритган.

Тренер сифатида Канчельскис Россиянинг «Торпедо-Зил» (Москва), «Уфа» ва «Волга» (Нижний Новгород), шунингдек, Латвиянинг «Спартак» (Юрмала) клубларида иш юритган. Канчельскис Москванинг «Солярис» клуби футболчиларига ҳам тренерлик қилган. Кейинчалик молиявий муаммолар туфайли клуб 2016/2017 йиллари ўз фаолиятини тўхтатган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги