16:36 msk, 20 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Хива шаҳар ҳокимининг ўринбосари пора билан қўлга тушган

08.10.2018 14:47 msk

Фарғона

Хива кўриниши. Indostan.ru сайти фотоси
Хива шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжаликлари масалалари бўйича ўринбосари О.Ш. Ер тузиш ва қўчмас мулк кадастри Хива шаҳар бўлими мутахассиси орқали 2000 АҚШ долларини пора тариқасида олаётганида жиноят устида ашёвий далиллар билан қўлга олинди, дея вилоят Ички ишлар бошқармаси сайтида хабар берилган.

“Қишлоқ хўжалик махсулотларини қуритиш, қайта ишлаш цехи ва омборхонаси” қурилиши учун 1000 метр квадрат ер участкаси ажратилишида ёрдам берганлиги учун 2 000 АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилаётганлиги тўғрисидаги мурожаат асосида 2018 йил 6 октябрь куни вилоят ИИБ ЖҚБ Коррупцияга қарши курашиш бўлими ва прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Хива шаҳри бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида ҳоким ўринбосари қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Хива шаҳар ҳокими ўринбосари лавозимида ишлаган О.Ш.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди (Пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, прокуратура органлари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу модда билан шахс беш йилдан ўн йилгача озодлик маҳрум этилиши мумкин.

Самарқанд, Бухоро ва Шаҳрисабз қатори Хива шаҳри ҳам ЮНЕСКОнинг инсоният маданий мероси рўйхатига киритилган. Жумладан, халқаро ташкилот муҳофазаси доирасига шаҳарнинг «Ичон қалъа»си киритилган. Шу йили июнь ойида Ўзбекистон ҳукумати тариҳий обидалар бузилишига йўл қўйилганлик ҳолати учун жазони кучайтириш борасида қарор қабул қилган. Унга кўра, Ичон қалъаси ичида қурилишлар олиб борилиши тўхтатилган.

Ёзда Самарқандда тарихий обидалар бузилиши билан боғлиқ катта жанжал содир бўлганди. Вилоят ҳокими Туробжон Жўраев ва қурилиш бўйича унинг ўринбосари Ўткир Абдуллаев ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олинади. Кейинчалик амалдорлар Самарқанд шаҳрининг тарихий обидалари жойлашган ерлардан пора эвазига қурилиш учун ерлар ажратгани маълум бўлади. Жўраевни қўлга олиш пайтида унинг иш кабинетидаги сейфдан 1 миллион АҚШ доллари топилади. Ҳоким бу пуллар пора эвазига йиғилганини тан олади.

Сентябрь ойида Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани ҳокими Бахтиёр Абдусаматов 400 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётганда қўлга олинади.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда кейинги бир неча ой ичида давлат идоралари раҳбарлари инвестор ва ишбилармонларга пора эвазига ер участкаларини ажратиб беришга тайёр эканликлари аниқланган. Андижон вилоятининг Асака тумани ҳокимияти вакили тадбиркордан $1000 ва 6,45 млн сўм($800) пора талаб қилганда қўлга олинади. Хоразм вилояти Урганч тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжаликлари масалалари бўйича ўринбосари 5 млн сўм ($625) пора билан ҳибсга олинади. Бу каби воқеа Наманган вилоятининг Чуст туманида ҳам содир бўлади. Туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ўринбосари $2000 пора эвазига 5,6 гектар ер фермер хўжалиги учун ажратиб бераётганида қўлга олинган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги