06:27 msk, 12 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Француз банклари Ўзбекистонга 800 млн евродан ортиқ пул ажратади

08.10.2018 13:48 msk

Фарғона

Credit Agricole биноси. Lerevenu.com сайти фотоси
Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар банки французларнинг Crédit Agricole S.A. ва NATIXIS банки билан қиймати 800 млн евродан ортиқ учта шартнома имзолади. Анжуман 5 октябрь куни ўзбек-француз бизнес форуми доирасида бўлиб ўтди.

Crédit Agricole билан 300 млн евро миқдоридаги заём келишуви, NATIXIS билан эса 500 млн евро миқдоридаги иккита шартнома имзоланди. Шартномалар Ўзбекистондаги инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилади. Шунингдек, Франция ва Европа Иттифоқининг бошқа давлатларидан юқори технологияли жиҳозлар ҳисобига кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш ҳам ҳужжатлардан ўз аксини топган.

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар банки хабарида Credit Agricole кредитлари давлат кафолатисиз берилаётгани ва бу ҳолат хориж инвесторларининг Ўзбекистонга бўлган ишончидан дарак бериши айтилади. Ҳамкорлик кредитдан ташқари, ўзбек ишбилармонларининг француз бизнеси билан ҳамкорлик ўрнатиш истиқболларини ҳам кўзда тутади.

NATIXIS билан тузилган шартномадан экспорт молияси соҳаси лойиҳалари, Европа бозорига капитал киритиш ва стратегик лойиҳаларни амалга ошириш учун кредитлар ажратилиши ўрин олган, дейилади хабарда.

NATIXIS — йирик корпоратив ва инвестиция банкларидан бири бўлиб, у BPCE Groupга киради ва салоҳияти бўйича Францияда тўртинчи ўринни эгаллайди. Crédit Agricole дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатларида 52 млн мижозга хизмат кўрсатади. Global Financeга кўра, Crédit Agricole 1,82 трлн евро активи билан 50 та энг йирик дунё банклари орасида 13 - ўринни эгаллайди.

«Дунё» агентлигининг хабар беришича, ушбу форумда Ўзбекистон Миллий банки ва Ўзбекистон Саноат қурилиш банки бошқа француз банклари билан ҳам шартномалар имзолаган. Миллий банк «Буиг» француз компанияси билан туризм соҳасида 100 млн евро миқдоридаги лойиҳаларни амалга ошириш учун шартнома имзолаган.

«Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзқурилишматериал», «Ўзшаробсаноат», «Ўзчармсаноат» ва кичик бизнес вакилларидан иборат ўзбек делегацияси юздан ортиқ француз ишбилармон ва саноатчилари билан музокаралар олиб борди. Францияда йирик озиқ-овқат логистик марказга эга Marche International De Rungis компанияси ва Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги Самарқанд ва Андижонда замонавий агрологистик марказлар барпо этишга келишиб олдилар. «Ўзбекэнерго» ва муқобил энергетикага ихтисослашган Total EREN компанияси Самарқандда фото-электростанциясини қуришга келишиб олдилар. “Ўзқурилишматериал” ва французларнинг Fives компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда автомобил ойналари ва жаҳон андозасидаги бошқа ойна маҳсулотларини ишлаб чиқаради.

Ҳозирда Ўзбекистонда французлар билан ҳамкорликда 16 та компания, шунингдек 100 фоиз чет эл капитали билан иккита корхона фаолият юритади. Икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 2017 йили $251,6 млн, 2018 йилнинг январь-август ойларида бу кўрсатгич 18,8 фоизга ўсиб, — $195,1 млн ташкил этди. Ўзбекистон корхоналари Францияга кимё, нефть кимёси, қурилиш, электртехникаси, мева- сабзавот маҳсулотларини, шунингдек, минерал ўғитлар, металл, текстил маҳсулотларини етказиб беришга тайёр.

Париждаги бизнес-форум президент Шавкат Мирзиёевнинг Франция сафари арафасида бўлиб ўтди. Ўзбекистон президентининг ушбу давлатга ташрифи 8 октрябрь куни бошланди. Мирзиёевнинг Франция президенти Эммануэл Макрон билан, шунингдек, мамлакат парламенти раҳбарияти, йирик компания ва молиявий институтлар раҳбарлари билан музокаралар олиб бориши режалаштирилган.

Томонлар 10 дан ортиқ ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатларни имзолаши, жумладан иқтисод, транспорт, туризм, экология, санъат ва маданият соҳаларида битимлар имзолаши кутилмоқда. Мирзиёев БМТнинг маориф, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти директори Одри Азуле билан учрашиб, Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, 2018-2021 йилларга мўлжалланган ўзаро режаларни тасдиқлаши кутилмоқда. Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифидан олдин Ўзбекистон француз фуқаролари учун визаларни бекор қилди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги