22:48 msk, 14 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Бухоро вилоятида ўзбошимча милиционерлар пахта даласини пайҳон қилган қўйларни қатл этдилар

08.10.2018 09:42 msk

Фарғона

Бухоро вилояти ИИБ матбуот хизмати фотоси
Бухоро вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари эгаларининг қаровисиз қолиб пахта даласини пайҳон қилган қўйларни сўйишга қарор қилдилар. Икки эпизод бўйича маълумот вилоят ички ишлар бошқармасининг расмий сайтида жойлаштирилган.

Биринчи эпизод 1 октябрь куни Пешку туманининг Ҳуррам маҳалласида содир бўлган. Шу манзилда яшовчи фуқаро Таваккал Тўйев ҳамда Нодир Юлдашевларга тегишли бўлган 6 бош қўй ва эчкиларини қаровсиз қолдирганликлари оқибатида “Нодирбек Дилнура” фермер хўжалигига қарашли пахта даласини пайхон қилган. Ҳодисани текширган милиционерлар 1 бош қўй ва 1 бош эчки сўйдириб, ҳудуддаги кам таъминланган оилаларга тарқатишган.

Шунингдек, 4 октябрь куни Бухоро тумани Талалиён маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Шавкат Турсунов ўзига тегишли бўлган 1 бош йирик шохли қорамоли ва 1 бош қўйини “Юринпоён ери” фермер хўжалигига қарашли пахта даласига боқиб пайхон қилганлиги аниқланган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимлари Пешку туманида ҳамкасблари каби 1 бош қўйни сўйдириб, ҳудуддаги 38-сон мактабгача таъли муассасасига топширишган.

Бухоро вилояти ИИБ ходимлари нимага асосан мусодара қилинган чорвани қатл қилишга қарор қилгани ҳамда чорва келтирган зарар қанчалик катталиги тўғрисида маълумот берилмаган.

Бироқ иккала ҳолат юзасидан ҳам Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 104-моддасига асосан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилгани кўрсатиб ўтилган. Мазкур моддага кўра, энг кам иш ҳақининг бир баробаридан уч баробаригача жаримага тортилиш мумкин. Айни пайтда энг кам иш ҳақи 184 300 минг сўмни ($23) ташкил этади. Бухоро вилоятида битта қўйнинг нархи Olx.uz сайтидаги эълонларга кўра 600 минг сўмдан ($74) юқори.

. “Фарғона” халқаро ахборот агентлиги