06:28 msk, 12 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда маҳалла қўмитаси томонидан бериладиган ҳужжатлар сони камайтирилди

05.10.2018 12:26 msk

Фарғона

Ўзбекистонда маҳалла қўмитаси биноси. Sgp.uz сайти фотоси
15 октябрдан Ўзбекистонда маҳалла қўмитаси томонидан бериладиган айрим ҳужжатлар бекор қилинади. Ўзбекистон ҳукумати ” Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бериладиган тасдиқловчи ҳужжатлар турларини тубдан қисқартириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги” қарорини қабул қилди. Бу ҳақда Аддлия вазирлигининг Telegram-каналида хабар берилади.

Қарорга кўра, маҳалла қўмитаси томонидан бериладиган шахснинг яшаш жойи бўйича (прописка қилинганлиги) яшаётганлигини, шахснинг ишсизлигини, болани, ёлғиз шахсларни, пенсионерларни ва ногиронларни парвариш қилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, шахснинг тавсифномаси маълумотномалар бекор қилинади.

Эндиликда давлат хизматлари кўрсатиш жараёнида шахснинг яшаш жойи бўйича (прописка қилинганлиги) яшаётганлигини ва унинг ишсизлигини тасдиқловчи ҳужжатлар зарур бўлса, мазкур маълумотлар давлат ва хўжалик органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тегишинча Ички ишлар вазирлиги ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги органларидан олинади.

2020 йил 1 январдан давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида оила таркиби, қариндошлик даражаси ва фуқаронинг оилавий аҳволи ҳақидаги маълумотлар давлат ва хўжалик органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ФҲДЁ органларидан мустақил равишда олинади.

Адлия вазирлиги маҳалла томонидан бериладиган бошқа ҳужжатлар борасида аниқлик киритмаган. Июль ойида чоп этилган қонун лойиҳасида маҳалла қўмитаси томонидан аввалгидек оиланинг мулкий ҳолати, кафолат хати, кафиллик маълумотномаси, тавсиянома ва тақдимнолар берилиши айтилганди. Адлия вазирлиги маҳалла қўмитаси томонидан айрим ҳужжатларнинг берилиши ”бюроклатшган бўлиб, кўп ҳолларда улар учун ҳақ олиниши одамлар норозилигига сабаб бўлаётгани”ни таъкидлаганди.

Ўзбекистонда 10 мингга яқин маҳаллалар мавжуд. Тарихан маҳалла халқ демократияси ва одамларнинг ўзларини ўзлари бошқариш шакли бўлган, лекин кейинчалик у аҳоли устидан маъмурий ва мафкуравий назорат ўрнатадиган давлат бўлинмасига айлантирилди.

Аввали Ўзбекистон ҳукумати фуқаролар учун 50 дан ортиқ ҳужжатларни нотариал тасдиқлаш талабини бекор қилганди. Улар орасидан маълумоти тўғрисидаги диплом, турар жой ҳужжатлари, туғилганлик, никоҳ, ўлим ҳақидаги гувоҳномалар ва бошқалар ўрин олганди. Бундан ташқари, эндиликда давлат органлари керакли ҳужжатлардан ўзлари нусха оладилар, нотариуслар мол-мулкларни расмийлаштиришда мустақил равишда давлат идораларидан керакли ҳужжатларни сўраб оладилар.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги