16:22 msk, 20 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон Тҳэквондо уюшмасини тўқимачилик соҳасидаги тадбиркор бошқармоқда

05.10.2018 09:42 msk

Фарғона

Аҳмаджон Раҳимов. Olympic.uz сайти фотоси
Тадбиркор Аҳмаджон Раҳимов Тҳэквондо уюшмасига (WTF) янги президент этиб сайланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олимпия қўмитасининг расмий сайти хабар берган.

Ундан олдин уюшмани 2018 йил май ойидан бошлаб Лазиз Ҳасанов бошқариб келган. Олдинроқ Ҳасанов миллий Тҳэквондо ассоциаациясини (ITF) бошқариб келганди.

Аҳмаджон Раҳимов 1975 йилда таваллуд топган. Тошкент Давлат Иқтисодиёт Университетини тамомлаган. Оилали. Уч фарзанднинг отаси. Капитализацияси 150 млн долларни ташкил этувчи Yatra Invest, Duhoba, Nukus Textile, Amina Gold, Kukcha Textile, Billure Textile, Toytepa Textile компанияларининг акционери. Корхоналар қурилиш ва тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришга, бино ва иншоотлар қурилиши, улгуржи ва чакана савдо, умумий овқатланиш ва ахборот технологиялари соҳаларига ихтисослашган.

Янги раҳбар олдига республикада тҳэквондо спорт турини янада ривожлантириш, оммалаштириш, спортчиларни нуфузли мусобақаларга муносиб тайёргарлик кўриши, шунингдек муваффақиятли иштирокини таъминлаш вазифаси қўйилган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг августида Тҳэвондо жаҳон федерацияси раҳбари Чо Чу Вонг билан учрашганди. Ўшанда Ўзбекистонда 20 мингдан зиёд одам спортнинг ушбу тури билан шуғулланиши қайд этилган. Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, Ўзбекистонда йирик турнирларни мунтазам ўтказиб бориш, президент ташаббуси билан Миллий университетда тҳэквондо факультетини тузиш ҳамда Ўзбекистон ёшларини спортга жалб қилишга йўналтирилган бошқа тадбирларда Жаҳон федерациясининг иштироки муҳокама қилиб олинганди. Учрашув ниҳоясида Чо Чунг Вонга Тошкентнинг фахрий фуқароси унвони берилди.

Ўзбекистонлик тҳэквондочилар ёзги Осиё ўйинлари-2018 давомида битта олтин, учта кумуш ва иккита бронза медалларини қўлга киритдилар, Ўзбекистон терма жамоаси медаллар бўйича тўртинчи ўринни эгаллади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги